1 июнни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида белгилаш резолюцияси 1925 йил Женевада, Болалар фаровонлиги бўйича жаҳон конференциясида қабул қилинган. 1949 йили Халқаро демократик аёллар федерацияси делегатлари ҳам ушбу санада болаларни ҳимоя қилиш кунини нишонлашга қарор қилган.

Бу сана дунёга болаларни асраб-авайлаш, уларнинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланиши ва хавфсиз муҳитда вояга етиши учун зарур шароит яратиш кераклигини эслатади. Нафақат ота-она, балки барчамиз, жумладан, давлат ҳам ўз «фарзандлари» учун масъул эканини яна бир бор ёдга солади.

Зеро, жамиятдаги жажжи ўғил-қизлар билан боғлиқ вазият — асл қиёфани кўрсатувчи ойнадир. Болалари доридан заҳарланмайдиган, светофорсиз йўлларда ўлмайдиган, зўравонликка учрамай, муносиб таълим ва сифатли тиббиётдан фойдаланадиган давлатнинг келажак учун мустаҳкам пойдевори бўлади.

Сана муносабати билан Gazeta БМТ Бош Ассамблеясининг 1989 йил 20 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган (Ўзбекистон 1992 йил 9 декабрда қўшилган) «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенция асосида тест тайёрлади.