Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги «Виставочная» подстанциясида 1 июнь куни трансформатор ёнди. Бу ҳақда пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, соат 18:57 да тумандаги Кичик ҳалқа йўли кўчасида жойлашган подстанция ичида трансформатор ёнаётгани ҳақида шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасига хабар келиб тушди. Ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 19:01 да етиб борган. Ёнғин соат 19:12 да қуршаб олиниб, 19:17 да тўлиқ ўчирилган.Ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган.
Шу билан бирга, Олмазор тумани ҳокимлиги «Виставочная» подстанциясида юзага келган авария сабабли айрим ҳудудларда электр энергияси таъминоти вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.
Хусусан, «Қуёш», «Орзу», «Университет», «Зиё», «Замондош», «Алон», «Чустий», «Чиғатой Дарвоза» ва «Зиёкор» маҳаллаларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, авария оқибатида 6 минг 200 та хонадон, 807 та юридик истеъмолчи, 18 та ижтимоий соҳа объекти ҳамда талабалар турар жойлари электр таъминотидан вақтинча узилган.
Айни пайтда махсус бригадалар томонидан авария оқибатларини бартараф этиш ва электр таъминотини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
