Ўзбекистонда ҳар йили «Миллий ижодкорлар қурултойи» ўтказилади. Унда 21 та ижодий бирлашманинг йиллик фаолияти сарҳисоб қилиниб, энг яхши натижа кўрсатган ижодкорлар тақдирланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни ўтказган йиғилишда маълум қилинди.
Қурилтой доирасида йил давомида самарали ижод қилган санъат ва адабиёт намояндаларининг бадиий кечалари ташкил этилади. Хусусан, камида 10 та қўшиқ ёки мусиқий асар яратган, халқ артисти ёки хизмат кўрсатган артист унвонини олган, халқаро танловлар ғолиби бўлган ҳамда асарлари мамлакат ва хориж саҳналарида ижро этилаётган хонанда, созанда ва бастакорлар рағбатлантирилади.
Шунингдек, юқори эътирофга сазовор бадиий асарлар муаллифлари, китоблари 50 минг нусхадан ортиқ чоп этилган, асарлари театр ва кинода саҳналаштирилган, шеърлари машҳур қўшиқларга айланган шоир, ёзувчи ва драматурглар ҳам мукофотланади.
Ғолибларга бир йил давомида ҳар ой 5 млн сўмдан қалам ҳақи тўланади. Бундан ташқари, улар Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволаниш харажатлари тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Улар учун маҳорат мактаблари ва ижод уйлари ҳам ташкил этилади.
Президент совриндорлар кейинги йилларда ҳам ижодий фаолиятини юқори натижалар билан давом эттирса, мазкур имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолиши ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлади.
