Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан мамлакатнинг 2040 йилгача бўлган демографик сиёсат концепциясини амалга оширишнинг биринчи босқичи бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди, деб ёзмоқда AKIpress. Мазкур ҳужжат 2026−2030 йилларни қамраб олади.
Унга кўра, мамлакатда умр кўриш давомийлигини 2024 йилдаги 72,1 ёшдан 2030 йилга келиб 75 ёшгача ошириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, 2026 йил охиригача алкоголь, тамаки ва никотинли маҳсулотларни сотиб олиш учун 21 ёш чекловини жорий этиш, алкоголни тунги вақтда ҳамда интернет орқали сотишни чеклаш ва носвой (нос) ишлаб чиқариш ва тарқатишни тўлиқ тақиқлаш режа қилиняпти.
Вести.kg нашрининг қўшимча қилишича, концепцияда вояга етмаганларни ҳимоя қилиш алоҳида ўрин тутади. Болалар ва ўсмирлар хулқ-атворига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маҳсулотларнинг ҳар қандай рекламаси қатъий назорат ва чекловлар остида бўлади.
Ҳукумат таъсир ўтказишнинг яна бир воситаси сифатида акциз солиқларини оширишни режалаштирмоқда, бу эса чакана нархларнинг кўтарилишига олиб келади, дейди нашр.
Бундан ташқари, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланувчи фуқаролар улушини аҳолининг 30 фоизигача, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида 10 фоизгача ошириш мақсад қилинган.
Ҳар йили «Соғлом оила» республика фестивалларини ўтказиш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича камида учта маданий-маърифий тадбир ташкил этиш кўзда тутилмоқда.