• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчиларининг ойлиги оширилади


Янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги 326 та мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиларнинг ойлиги умумтаълим мактаблариники билан бир хил бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни ўтказган йиғилишад маълум қилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, умумтаълим ва мусиқа мактаби ўқитувчилари иш ҳақига ўқувчиларининг чолғуларни қай даражада ижро этишига қараб, 20 фоизгача устама тўланади.

Янги ўқув йилида камида 1,5 млн ўқувчини мусиқа ва санъатга жалб қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун 326 та мусиқа ва санъат, 29 та ихтисослашган мактаб билан умумтаълим мактаблари ўртасида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Давлат раҳбари мусиқа ва санъат мактабларининг ижодий жамоалари умумтаълим мактабларида мунтазам концерт-томоша дастурлари ва маҳорат дарсларини ўтказиб бориши зарурлигини қайд этди.

Ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс йўналишида умумтаълим мактаблари ўртасида туман, вилоят, республика даражасида танловлар ўтказилади. Уларнинг ижод маҳсулини республика бўйича тарғиб қилиш, саҳна декорациялари ва либослари, мусиқа асбоблари олиш учун 500 млн сўмдан грант берилади.

Шунингдек, республика танлови ғолиблари маданият ва санъат олийгоҳларига ўқишга қабул қилинади.

«Арт» ўқув курси

Президент маданият ва санъат соҳасида таълим тизимини такомиллаштириш масаласига ҳам тўхталди. Бу борада, аввало, умумтаълим мактабларида мусиқа, тасвирий санъат ва технология дарслари «арт» ўқув дастури асосида такомиллаштирилиши белгиланди.

Ушбу йўналиш болани креатив фикрлаш, жамоавий ишлашга ўргатади, унда эстетик дид, эмоционал интеллект ва инновацион тафаккурни шакллантиради, дейилади хабарда. Мутасаддиларга янги ўқув йилидан ҳар бир вилоятдаги 10 тадан умумтаълим мактабида тажриба тарзида арт йўналишини жорий қилиш топширилди.

Бунда:

  • 1−4-синфда болалар расм, мусиқа ва ўйинлар орқали ижодга, маданият ва санъатга қизиқтирилади;
  • 5−7-синф ўқувчиларига ижодий жамоада ишлаш ва ўз фикрини эркин ифода этишга;
  • 8−9-синфларда дизайн, графика ва сунъий интеллект орқали креатив лойиҳаларни ишлаб чиқишга;
  • 10−11-синфларда ушбу лойиҳаларни тайёр маҳсулотга айлантириш ўргатилади.

«Ниятим — ҳар бир хонадонга мусиқа чолғуси кириб борсин»

Давлат раҳбари мутасаддиларга ҳар бир умумтаълим мактабида мусиқа ва санъат йўналишида камида 4 тадан тўгарак ташкил қилишни топширди. Миллий чолғу сотиб олган тўгаракларнинг 30 фоиз харажати қоплаб берилади.

«Менинг ниятим — ҳар бир хонадонга мусиқа чолғуси кириб борсин, ҳар бир ўғил-қизимиз мусиқа чалишни ўргансин. Чунки санъатни, мусиқани севган боланинг қалби тоза, тафаккури кенг бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирганда, имконияти чекланган ёшларни ҳам унутмаслик лозим. Бунинг учун янги ўқув йилидан ҳудудларда «Инклюзив ижодий устахоналар» ташкил қилинади. Инклюзив ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларга дарсликлар, ижод учун зарур анжомлар хариди учун ҳар йили 30 млрд сўмдан ажратиб борилади.

Маданият ва санъат соҳалари учун кадр тайёрлаш ўзига хос ижодий хусусиятларга асосланиб ташкил этилиши керак. Шу боис, янги ўқув йилидан ихтисослашган мактабларга ўқувчилар мусиқа йўналишида 5-синфдан, рақс, театр, санъат бўйича 9-синфдан қабул қилинади.

Касбий таълим агентлиги тасарруфидаги «Мусиқа ва санъат», «Эстрада ва цирк» техникумлари Маданият вазирлиги тизимига ўтказилиб, уларга олий мактаб мақоми берилади.

Аввалроқ шу йиғилишда маданият ва санъат вакилларига уй-жой учун ипотека кредити дастлабки тўловининг 50 фоизи қоплаб берилиши маълум қилинганди. Халқ артисти, халқ шоири ҳамда халқ ёзувчиси аэропорт ва вокзаллардаги VIP заллардан бепул фойдаланади. Ашула ва рақс ансамбллари ходимларининг иш ҳақи 2 карра оширилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *