Туғилганидан бошлаб болаларнинг ўз иқтидорини тўлақонли рўёбга чиқариши бир қанча омилларга боғлиқ бўлади. Бунда асосий омиллардан бири оила даромадлари бўлса-да, бу масаланинг фақат бошланғич нуқтаси сифатида кўрилиши зарур. Бу мавзу ҳақида фикрлаганда, мактаб сифатидаги фарқ, таълим харажатларининг оила бюджетидаги юки ва болаларнинг ишга жалб этилиши каби омиллар ҳам ҳисобга олиниши керак.
Мазкур колонкада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий сиёсат лабораторияси таҳлилчилари камбағаллик инсон капиталига қандай таъсир қилишини таълим мисолидаги кўриб чиқади.
Муаллифлар:
- Дийдор Бердикличев — Ижтимоий сиёсат лабораторияси Дастурий тадқиқотлар бўлими бошлиғи;
- Улуғбек Турсунов — Ижтимоий сиёсат лабораторияси Инсон капиталини ривожлантириш дастури етакчиси.
«Иқтисодий ўсишнинг пировард мақсади инсоннинг ўзи қадрлайдиган ҳаётни танлаши ҳамда яшашига қобиллиги ва эркинлигини кенгайтиришдан иборат», — дейди мутафаккир иқтисодчи Амартя Сен. Бу нуқтаи назардан, даромад даражаси фаровонликни тўлиқ ифода этувчи ягона мезон бўлмаса-да, унинг инсон ҳаётидаги фундаментал аҳамияти юқорилигича қолмоқда.
Молиявий етишмовчилик болаларнинг сифатли таълим олиш, билимни ўзлаштириш ва келажакдаги муносиб ҳаёт йўлини танлаш имкониятларининг чекланишига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражасининг изчил қисқариши қобилиятлар ва эркинликларни кенгайтиришга замин яратмоқда. Миллий статистика агентлигининг «Уй хўжаликлари бюджети сўрови» (HBS) маълумотларига кўра, охирги беш йил ичида камбағаллик даражаси деярли уч баробар қисқариб, 2025 йил якунига келиб 5,8 фоизни ташкил этди.
Бироқ бу ижобий динамика нафақат умумий рақамларда, балки ўсиш самараларининг аҳоли ўртасида қандай тақсимланаётганида ҳам ўз аксини топиши муҳим аҳамиятга эга.
Камбағаллик даражасининг ўзгариши. Манба: Миллий статистика қўмитаси
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, камбағаллик даражаси дастлаб ўлчанган даврда шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовут анча юқори бўлган бўлса, 2025 йилга келиб бу фарқ сезиларли даражада қисқарди.
Аввалги тадқиқотларимизда қишлоқ жойларида камбағалликнинг пасайиш омилларига алоҳида тўхталган эдик. Ҳудудлараро таҳлил эса камбағаллик кўрсаткичлари мамлакат бўйлаб бирхиллашиб бораётганини тасдиқламоқда.
Умумий камбағаллик даражасининг пасайиши ўз-ўзидан ҳудудлараро тақсимотнинг ўртача кўрсаткичдан фарқланиш даражасини ҳам камайтирмоқда. Масалан, 2023 йилда камбағаллик энг юқори бўлган ҳудуд (Жиззах вилояти — 14,2 фоиз) ва энг паст ҳудуд (Навоий вилояти — 7,6 фоиз) ўртасидаги абсолют фарқ 6,6 фоиз бандни ташкил этган эди.
2025 йилги кўрсаткичларга кўра эса энг юқори (Хоразм вилояти — 6,7 фоиз) ва энг паст (Тошкент шаҳри — 3,5 фоиз) ҳудудлар ўртасидаги фарқ 3,2 фоиз бандгача тушди. Бу эса иқтисодий имкониятлар ҳудудий жиҳатдан янада мувозанатлашган ҳолда тақсимланаётганидан далолат беради.
Ҳудудлараро камбағаллик даражаси фоизда. Манба: HBS 2025, Ўзбекистон
Даромадлар тақсимоти ва тенгсизлик динамикаси
Иқтисодий барқарорликни баҳолашда даромадлар тенгсизлигини ўлчовчи — Жини коэффициенти муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу коэффициент 0 дан 100 гача бўлган шкалада ўлчаниб, ноль кўрсаткичи жамиятда мутлақ тенгликни (ҳамма бир хил даромадга эга), 100 эса мутлақ тенгсизликни (барча даромад бир кишига тегишли) англатади.
Ўзбекистонда даромадлар тақсимоти динамикаси сўнгги йилларда ўзгарувчан характерга эга бўлди. Хусусан, Жини коэффициенти 2023 йилда 34,5 гача ошган ва 2024 йилда деярли ўзгаришсиз қолган эди. Бироқ 2025 йилга келиб коэффициентнинг 32,7 гача пасайиши кузатилди.
Ушбу ижобий ўзгаришга асосан шаҳарлардаги инклюзив ўсиш ва даромадлар тақсимотидаги мувозанатлашув сезиларли таъсир кўрсатди.
Жини коэффициенти. Манба: HBS 2025, Ўзбекистон
Кимнинг даромади тезроқ ўсмоқда?
Даромаднинг дециллар (аҳолининг даромадлар бўйича 10 фоиздан бўлинган гуруҳлари) бўйича ўзгариши таҳлили иқтисодий моделнинг йўналиши ҳақида қимматли маълумот беради. Охирги уч йил ичида мамлакатда даромадлар ўсиши «бойлар манфаати»га йўналтирилган (pro-rich) моделдан «камбағаллар манфаати»га йўналтирилган ўсиш (pro-poor) сари ўзгарди:
- 2023 йилда энг кам даромадли қатламнинг даромад ўсиши юқори даромадли гуруҳларга нисбатан пастроқ бўлган.
- 2024 йилда энг камбағал қатламдан ташқари барча гуруҳларда даромадлар деярли бир хил суръатда ошган. Хусусан, 1-децилда даромад ўсиши 15 фоизни ташкил этган бўлса, қолган децилларда бу кўрсаткич тахминан 10 фоиз атрофида бўлган.
- 2025 йилда эса қуйи дециллардаги (камбағалроқ) уй хўжаликларининг даромадлари ўсиши юқори дециллардаги хонадонларга нисбатан тезлашгани кузатилди.
Айнан мана шу тренд 2025 йилда даромадлар тенгсизлигининг камайиши ва камбағаллик даражасидаги ижобий ўзгаришларга ҳисса қўшган асосий омиллардан бири бўлди.
Иқтисодий самарадорлик ва тенглик мувозанати
Иқтисодиёт фанида камбағаллар манфаатига йўналтирилган ўсишнинг умумий унумдорликка таъсири бўйича турли қарашлар мавжуд.
Айрим мулоҳазаларга кўра, қайта тақсимлаш жараёнлари умумий унумдорликни пасайтириши мумкин, бироқ Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳисоботлари бунинг аксини кўрсатмоқда. ХВЖ таҳлилларига кўра, тенгсизлик даражаси пастроқ бўлган мамлакатлар узоқ муддатда тезроқ ва барқарорроқ иқтисодий ўсишга эришади.
Амартя Сен ёндашувига мувофиқ, даромадлар тенгсизлигининг камайиши шунчаки ижтимоий ёрдам эмас, балки жамиятнинг энг заиф қатламлари учун реал имкониятлар яратиш демакдир. Бу эса, ўз навбатида, инсон қобилиятларини кенгайтириш ва умумий иқтисодий тараққиётнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Дециллар кесимида аҳоли даромадларининг ўсиши (%). Манба: HBS 2025. Ўзбекистон
Қобилиятлар ёндашуви: эркинлик ва таълим
Амартя Сен назариясининг марказида даромад мақсад эмас, балки восита экани ҳақидаги ғоя ётади. Унинг қарашларига кўра, пул ва бойлик инсон қобилиятларини кенгайтиришга имкон берувчи кўплаб ресурслардан бири, холос.
Бу ерда «қобилият» (capability) тушунчаси шунчаки инсоннинг кўникмаларини эмас, балки унинг учун очиқ бўлган реал имкониятлар ва эркинликлар мажмуини англатади. Қобилиятлар ёндашуви ҳақида батафсил.
Ушбу ёндашувда инсон ҳаёти амалда рўёбга чиққан «ҳаракат ва ҳолат» (functionings) орқали баҳоланади.
Таълим олиш ва доимий ўрганиш инсон ҳаётини белгилаб берувчи фундаментал ҳаракат тури бўлиши билан бирга, бошқа барча қобилиятларни юзага чиқарувчи стратегик ресурс ҳамдир. Шу боис таълим инсон фаровонлигининг нафақат натижаси, балки унинг асосий ҳаракатлантирувчи омили ҳисобланади.
Таълимдаги ижтимоий-иқтисодий тўсиқлар таҳлили
Таълим олиш қобилиятини рўёбга чиқаришда ресурсларнинг ўрни ва улардан фойдаланиш самарадорлиги масаласи муҳим аҳамиятга эга. UNICEF ҳамда Миллий статистика қўмитаси томонидан ўтказилган «Мультииндикатор кластер сўрови» (MICS) натижалари бу борада кутилмаган бир ҳолатни очиб беради.
Таҳлилларга кўра, ота-оналарнинг фарзандларининг таълим жараёнидаги иштироки — уйдаги болалар китобларининг сони, уй вазифаларига кўмаклашиш, мактаб йиғилишларида қатнашиш ва ўқитувчилар билан мулоқот қилиш даражаси — аҳолининг фаровонлик дециллари бўйлаб сезиларли даражада фарқ қилмайди.
Ота-оналарнинг таълим жараёнида иштироки. Манба: MICS, Ўзбекистон.



Бу шуни англатадики, оиланинг иқтисодий аҳволидан қатъи назар, ота-оналар фарзандларининг келажаги ва таълимига деярли бир хил даражада эътибор қаратмоқда. Бироқ бу тенг уринишлар ҳамиша ҳам тенг натижаларни кафолатламайди.
Фарзанд тарбиясига бўлган эътибор юқори бўлишига қарамай, нисбатан юқори даромадли уй хўжаликларидаги болалар ўзлаштириш кўрсаткичлари бўйича ўз тенгдошларидан олдинда экани кузатилмоқда.
Камбағалликнинг таълим кўрсаткичларига таъсирини чуқурроқ баҳолаш мақсадида ушбу таҳлилда уй хўжалигининг моддий аҳволини ифодаловчи асосий ўзгарувчи сифатида PISA (Ўқувчиларни баҳолаш халқаро дастури) томонидан қўлланадиган оиланинг ижтимоий-иқтисодий статуси индексидан (IIS) фойдаланамиз.
Ушбу кўрсаткич нафақат оиланинг даромадини, балки унинг маданий ва ижтимоий ресурсларини ҳам қамраб олиб, таълимдаги нотенглик сабабларини аниқроқ тушуниш имконини беради.
2-даражага эришган ўқувчилар улуши: IIS дециллари кесимида. Манба: PISA 2022, Ўзбекистон
PISA халқаро дастури доирасида ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги, математика ва табиий фанлар бўйича билим ҳамда кўникмалари атрофлича ўрганилади. Мазкур тизимда ўзлаштириш кўрсаткичлари бир неча малака даражаларига бўлинган бўлиб, улар орасида 2-даража алоҳида стратегик аҳамиятга эга.
Ушбу даража ўқувчининг асосий фанлар бўйича қониқарли тайёргарликка эга эканини англатади. Бу шунчаки статистик рақам эмас, балки шахснинг замонавий жамиятда мустақил ва фаол иштирок этиши, ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур бўлган фундаментал кўникмаларнинг минимал чегарасидир.
Таҳлил натижалари ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва таълим натижалари ўртасида узвий боғлиқлик борлигини кўрсатмоқда. Хусусан, оиланинг ижтимоий-иқтисодий статуси (IIS) бўйича энг қуйи (1-децил) гуруҳга мансуб ўқувчиларнинг фундаментал 2-даражага эришиш кўрсаткичи энг юқори (10-децил) гуруҳдаги тенгдошларига нисбатан қарийб уч баробар паст.
Бу каби тафовут инсон капиталининг шаклланиш жараёнида дастлабки тенгсизликлар қанчалик кучли таъсирга эга эканини кўрсатади.
Амартя Сен назариясига таянган ҳолда айтиш мумкинки, бундай натижалар базавий билим олиш қобилиятининг амалга ошиши фақатгина ўқувчининг шахсий интилишига эмас, балки унинг атрофидаги ижтимоий-иқтисодий ресурслар мавжудлигига ҳам бевосита боғлиқлигини тасдиқлайди.
Таълим харажатлари ва молиявий юк мутаносиблиги
Таълимга йўналтирилган инвестициялар даражаси оиланинг молиявий имкониятлари билан бевосита боғлиқдир. Миллий статистика агентлигининг 2024 йилги «Уй хўжаликлари бюджети сўрови» натижалари шуни кўрсатадики, даромад дециллари юқорилаб боргани сайин бир ўқувчи учун сарфланадиган маблағ миқдори ҳам ортиб боради.
Хусусан, энг қуйи децилдаги оилаларнинг таълим харажатлари энг юқори децилдаги оилаларга нисбатан икки баробар кам кўрсаткични ташкил этади.
Бироқ бу рақамлар ортида янада жиддийроқ «молиявий юк» масаласи яширинган. Кам даромадли оилалар ўз умумий истеъмол харажатларининг қарийб 28 фоизини таълимга сарфлашга мажбур бўлмоқда.
Таққослаш учун, нисбатан бой уй хўжаликларида бу кўрсаткич 14 фоизга тенг. Яъни камбағал оилалар таълимга нафақат мутлақ қийматларда камроқ инвестиция киритади, балки таълим харажатларини қоплаш учун кундалик ҳаётий эҳтиёжлар — озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш ёки уй-жой шароитларини яхшилаш каби муҳим сарф-харажатларни чеклашга мажбур бўлади.
Бир ўқувчига тўғри келувчи таълим харажати ва унинг истеъмол харажатларидаги улуши. Манба: HBS, Ўзбекистон 2024
Оила фаровонлигининг болалар ўзлаштиришига таъсири фақат тўғридан-тўғри инвестициялар билан чекланмайди. Иқтисодий етишмовчилик кўпинча болаларнинг дарсдан ташқари вақтини ҳам «ўғирлайди».
MIKS маълумотларига кўра, нисбатан паст даромадли уй хўжаликларида ўсмирларнинг қарийб ҳар ўндан бири рўзғорга кўмаклашиш мақсадида ўз ёшига нисбатан оғир ёки меъёрдан ортиқ иқтисодий фаолият билан шуғулланади. Юқори даромадли оилаларда эса бу кўрсаткич деярли нолга яқин (1 фоиздан кам).
Шуни инобатга олиш керакки, оила обрўсига таъсир қилиши мумкин бўлган бундай маълумотларни йиғишда респондентлар кўпинча рақамларни камайтириб кўрсатишга мойил бўлади. Шу боис реал ҳаётда иқтисодий босим ва таълимга ажратиладиган вақт ўртасидаги тафовут янада каттароқ бўлиши эҳтимоли юқори.
Бу эса, Амартя Сен таъкидлаганидек, инсоннинг ўз қобилиятини кенгайтириш нафақат маблағ, балки «вақт ресурси» орқали ҳам чекланишини тасдиқлайди.
Ҳафтасига 14 соатдан кўп иқтисодий фаолиятга жалб қилинган 12−14 ёшли болаларнинг фаровонлик дециллари бўйича улуши. Манба: MICS 2021, Ўзбекистон
Болалар таълимига даромаддан ташқари оиладаги бошқа омиллар ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Қуйида мана шундай омиллардан энг муҳими мактаблардаги таълимнинг сифатини муҳокама қиламиз.
Мактабнинг ўрни: тузилмавий тўсиқлар ва таълим сифати
Болаларнинг таълимдаги натижалари фақат оиланинг даромади ёки уй шароитига боғлиқ эмас. Ўзлаштиришдаги тафовутларнинг муҳим қисми мактаб билан боғлиқ омиллар — таълим муҳити, педагогик сифат, ўқувчилар таркиби ва мактаб жойлашуви каби омиллар ҳиссасига тўғри келади.
Ушбу боғлиқликни чуқурроқ таҳлил қилиш мақсадида Oaxaca-Blinder декомпозиция усули қўлланди. Бу усул икки гуруҳ ўртасидаги натижа тафовутини омиллар бўйича ажратиб, қайси омил қанча ҳисса қўшаётганини кўрсатади.
Таҳлил натижаларига кўра, кам ва юқори даромадли оилалар фарзандлари ўртасидаги математика фанидаги ўртача 27,8 балли тафовутнинг қарийб ярми мактаб даражасидаги омиллар билан изоҳланади.
Бу шуни англатадики, академик фарқлар фақат оилавий ресурслар билан эмас, балки болалар таълим олаётган мактабларнинг имкониятлари ва таълим муҳити билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Оахака-Блайндер декомпозицияси. Математикадан ўзлаштириш даражасига таъсир қилувчи омиллар
Бошқача айтганда, кам даромадли оиладаги бола икки карра чекловга дуч келиши мумкин: бир томондан, хонадоннинг иқтисодий ресурслари тор; иккинчи томондан эса у нисбатан паст натижа кўрсатаётган мактаб муҳитида таҳсил олиши эҳтимоли юқори. Натижада тенгсизлик нафақат уй ичида, балки мактаб тизими орқали ҳам такрорланади.
Мактаблар ўртасидаги табақаланиш масаласи 2026 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳам кўтарилди. Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги мутасаддиси 11 мингга яқин мактабларда таълим сифатини бир хил даражага келтириш вақт ва ресурс талаб қилишини айтганди.
Хулоса
Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, даромадлар тенгсизлиги имкониятлар тенгсизлигининг фақат бошланиш нуқтасидир. Яъни кам даромадли оила фарзандлари бой оиладаги тенгқурлари билан бир хил дарсликлар ўқитиладиган мактабда ўқиган тақдирда ҳам, бу улар учун тенг имконият яратилганини англатмайди.
Сеннинг таъкидлаганидек, бунга турли салбий омиллар тўсқинлик қилади. Масалан, мактаблар орасидаги таълим сифати фарқи, оиланинг таълим харажатларини қоплаш учун кундалик эҳтиёжлардан қисқартиришга мажбур бўлиши ёки ўсмирларнинг оилага ёрдам бериш учун меъёрдан ортиқ ишлаши шулар жумласидандир.
Натижада болалар таълим олиш имкониятидан тўлиқ фойдалана олмайди ва уни ҳақиқий билим ҳамда қобилиятга айлантиришда қийинчиликка дуч келади. Шу сабабли уларнинг ҳаётдаги имкониятлари тораяди ва улар кўпинча оиланинг асосий эҳтиёжлари билан таълим ўртасида оғир танлов қилишга мажбур бўлади.
Бу эса ҳақиқий тенгликка эришиш учун фақат молиявий ёрдам етарли эмаслигини, балки ижтимоий ва институционал тўсиқларни ҳам камайтириш зарурлигини кўрсатади.
Бугунги кунда камбағал оилалар фарзандлари учун муносиб таълим шароитларини яратиш устувор вазифа сифатида кўрилмоқда. Президентнинг 2025 йил 26 декабрдаги фармони билан «Ижтимоий реестрга» киритилган оила фарзандлари учун 12 хил таълимга оид имтиёзларнинг белгиланиши ҳам шундан далолат беради.
Амартя Сен назарияси призмасидан қараганда, бу каби чора-тадбирлар ресурслардан фойдаланиш имкониятларини тенглаштириш орқали инсон эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.
Камбағал оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш, мактаблардаги таълим сифатини бирхиллаштириш ва инклюзив муҳитни шакллантириш шунчаки таълим ислоҳотлари эмас, балки инсон қобилиятларини кенгайтириш орқали жамиятнинг узоқ муддатли ва барқарор ижтимоий-иқтисодий фаровонлигига эришишнинг фундаментал йўлидир.
