• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Қўшиқда овоз бор, лекин халқнинг ўткир нафаси сезилмаяпти». Президент ижод асарларида миллий руҳ етишмаслигини айтди


Ўзбекистон президенти ижод асарларида миллий руҳ етишмаслигини қайд этди. У миллий ўзлик ва руҳиятини ифодалаш учун ижод ва санъатдан таъсирлироқ ва кучлироқ восита йўқ эканини билдирди.

«Жамиятимиз тараққиётида жуда муҳим бўлган бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Баъзан бизда миллий руҳ етишмагандай бўляпти. Саҳна асарлари бор, лекин кучли таъсири йўқ. Қўшиқда овоз бор, лекин халқнинг ўткир нафаси сезилмаяпти. Кинода ҳаракат бор, лекин халқнинг дарди, ғурури ва характери кўринмаяпти. Баъзи асарларда шакл бор, лекин катта ғоя йўқ. Миллий ўзлигимиз ва руҳиятимизни ифодалаш учун ижод ва санъатдан таъсирлироқ ва кучлироқ восита йўқ, десам фикримга қўшиласизлар», — деди давлат раҳбари.

«Шу боис, бизга миллий руҳни уйғотадиган санъат керак, халқни илҳомлантирадиган адабиёт керак, ёшларга фахр ва ифтихор берадиган кино керак, қалбларни жунбишга келтирадиган мусиқа керак, одамнинг ўзини англашга ундайдиган театр керак», — деди президент.

Халқ кўнглида Ватанга муҳаббат, миллатга садоқат руҳини уйғотадиган, катта-катта ислоҳотларимизни одамларга етказиб берадиган қасида, қўшиқ ва романлар, спектакль ва фильмлар яратадиган ижодкорлар кўплигига ишонч билдирилди.

Шу боис, ҳар йили мазкур йўналишда ҳам танловлар ўтказиб борилиши билдирилди. Гран-при соҳибларининг ижодини янада қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратилади.

Шунингдек, интернетдаги ёт ғояларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш учун ижодкор-зиёлиларнинг рақамли майдондаги овози баландроқ янграши кераклиги таъкидланди.

«Шу боис, янги ташкил қилинаётган 21 та ижодий бирлашма пухта тайёргарлик кўриб, йилига камида 4 марта танловлар ўтказса, ҳозир жуда долзарб бўлган маҳалла ва жамиятдаги бирдамлик, оилани мустаҳкамлаш, ҳалол меҳнатни улуғлаш, асраш, атроф-муҳитни тоза сақлаш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш, энг асосийси, одамлар қалбида шукроналик, ислоҳотларга дахлдорлик, миллий ғурур туйғусини кучайтириш каби мавзуларда таъсирчан асарларни кўпайтирсалар, улардан миннатдор бўлардим», — деди президент.

Эл-юртда катта ҳурмат ва эътибор қозонган зиёлилар бу ишларга ўзлари бош-қош бўлиб, бутун халқни «Мен Ўзбекистон фарзандиман!» деган эзгу ғоя атрофида бирлаштиришига ишонч билдирилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *