• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ёш истеъдодлар учун миллиардлаб сўм ажратилади


Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббуслар эълон қилинди. Давлат раҳбари мамлакатда истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш ва креатив индустрияни ривожлантириш бўйича янги тизим жорий этилишини маълум қилди.

Энг муҳим янгиликлардан бири сифатида «Ижодга инвестиция» жамғармаси ташкил этилиши айтилди. Мазкур жамғармага ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Қайд этилишича, жамғарма орқали ёш истеъдодларни кашф этадиган, продюсерлик ва ижодий лойиҳаларни ривожлантирадиган ташаббуслар қўллаб-қувватланади. Бу орқали хусусий креатив гуруҳлар ва ижодий бизнес лойиҳалар сонини кўпайтириш мақсад қилинган.

Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб республика танловлари ғолибларига 100 миллион сўмгача, халқаро нуфузли танловлар совриндорларига эса 300 миллион сўмгача мукофот пули берилиши маълум қилинди. Уларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этиш харажатлари ҳам давлат томонидан тўлиқ қопланади.

Ёш ижодкорларнинг устоз ва мураббийлари ҳам давлат эътиборидан четда қолмайди. Энди уларнинг ойлик маошига 100 фоизгача устама ҳақ тўланиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, ҳар йили 100 нафар иқтидорли ёш давлат ҳисобидан хориждаги нуфузли маданият ва санъат муассасаларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади.

Президент учрашувда маданият ва санъат соҳаси мамлакат маънавий тараққиётининг муҳим қисми эканини таъкидлаб, ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш Янги Ўзбекистон сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири бўлиб қолишини қайд этди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *