Ўзбекистонда энди ҳар йили 1 минг нафар шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат вакиллари, музей ходими ва рассомларга уй-жой олиш учун ипотека кредити дастлабки тўловининг 50 фоизи қоплаб берилади. Буни Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувда маълум қилди.
Ижодий ташкилотлар, маданият ва санъат муассасаларига бошқа ҳудуддан келиб ишлаётганларга уй-жой ижараси учун Тошкент шаҳрида ойига 2,5 миллион сўмгача, вилоятларда 1 миллион 600 минг сўмгача харажатини қоплаб бериш йўлга қўйилади.
Ҳар йили фаолиятида яхши натижага эришган 1 минг нафар соҳа ходими давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан бепул даволанади. Яна 2 минг нафар ижодкорга давлат томонидан тиббий суғурта пакети тақдим этилади. Камида 10 йил ишлаган ходимларга санаторийларига бепул йўлланма берилади.
15 июндан халқ артисти, халқ шоири, халқ ёзувчиси каби юксак фахрий унвонга эга ижодкорларнинг аэропорт ва вокзаллардаги VIP заллардан бепул фойдаланиши таъминланади.
Ашула ва рақс ансамблларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 сентябрдан бошлаб улардаги барча ходимларнинг иш ҳақи 2 карра оширилади.
Рақс усталарига пенсия учун талаб этиладиган рақс стажи 20 йилдан 15 йилга қисқартирилиб, қолган 5 йилини балетмейстер, репетитор ва педагог сифатида давом эттиришига рухсат берилади.
Президент Янги Тошкентда қурилиши бошланган Мақом маркази ёнида Рақс саройини барпо этишни таклиф қилди. Мутасаддиларга рақс санъатини ривожлантириш бўйича катта дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Композитор ва бастакорлар фаолиятини молиялаштириш, уларни моддий рағбатлантириш тизими ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилиши қайд этилди.
Ҳар йили уларга опера, симфония каби мумтоз ва замонавий жанрлар бўйича камида 20 та янги асар яратиш учун давлат буюртмаси бериб борилади.
Аэропорт, вокзал, метро, парк, йирик савдо-сервис объектлари, кафе ва ресторанларда миллий куй ва қўшиқлар доим янграб туриши кераклиги таъкидланди.