• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Миллатнинг овози унинг маданияти ва санъати билан дунёга эшитилади»


Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида маданият, санъат ва адабиёт соҳаси ходимларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Тадбир мамлакат маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бирига айланди. Маросим давомида давлатимиз раҳбари маданият ва санъат соҳасининг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида тўхталиб, миллат қудрати фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки унинг маънавияти, адабиёти ва санъати билан ҳам белгиланишини таъкидлади.

Президент ўз нутқида халқнинг дунёдаги обрўси унинг маданияти билан чамбарчас боғлиқ эканини қайд этди.

– Қайси миллатнинг адабиёти бой, мусиқаси юракка яқин, театри ҳаётий, киноси таъсирчан, санъати жозибадор бўлса, ўша халқнинг овози дунёда баланд эшитилади, – деди давлат раҳбари.

Таъкидланишича, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида инсон қалбини тарбиялайдиган улкан маънавий муҳит шакллантирилмоқда. Бу йўлда зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, креатив индустрия вакилларининг ўрни беқиёс экани алоҳида урғуланди.

Маросимда ижод аҳлининг фидокорона меҳнати туфайли жамиятда миллий руҳ мустаҳкамланаётгани, ёшлар қалбида ватанпарварлик, эзгулик ва инсонпарварлик туйғулари кучайиб бораётгани қайд этилди.

Президент фармонига мувофиқ, бу йил маданият, санъат ва адабиёт соҳасининг 167 нафар вакили юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида узоқ йиллар халқ маънавиятига хизмат қилган ёзувчи ва шоирлар, хонанда ва бастакорлар, театр ва кино намояндалари, бахши ва аскиячилар, рассом ва ҳунармандлар, музей ва кутубхона ходимлари ҳамда устоз-мураббийлар бор.

Шунингдек, халқ қалбида ижоди ва ҳаёти билан мангу яшаб келаётган 24 нафар маданият ва санъат арбоби вафотидан сўнг давлат мукофотлари билан тақдирланди.

– Ҳатто инсон орамизда бўлмаса-да, унинг хизматларини муносиб эътироф этиш ҳам бизнинг маънавий бурчимиздир, – деди Президент.

Маросим якунида давлат раҳбари мукофот соҳибларига орден, медаль ва фахрий унвонларни тантанали равишда топширди.

Мукофотланганлар мамлакатда ижод аҳлига қаратилаётган юксак эътибор, маданият ва санъатни ривожлантириш учун яратилаётган кенг имкониятлар учун Президентга миннатдорлик билдирди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *