• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда май ойида доллар курси қандай ўзгарди?


Май ойида сўм долларга нисбатан бир ой аввалги сезиларли мустаҳкамланишдан сўнг бироз заифлашди. Бу Gazeta ўрганган Марказий банк маълумотларида акс этади.

30 апрель куни долларнинг расмий курси 11 937,6 сўмни ташкил этган бўлса, 31 майга келиб бу кўрсаткич 11 997,83 сўмга етди. Шу тариқа, бир ой ичида доллар 60,23 сўмга ёки 0,5 фоизга қимматлади.

Таққослаш учун, апрель ойида сўм долларга нисбатан деярли 2 фоизга мустаҳкамланганди.

Шунга қарамай, йил бошидан буён сўм долларга нисбатан бироз мустаҳкамроқ бўлиб қолмоқда. 1 январь ҳолатига кўра курс 12 025,33 сўмни ташкил этган бўлса, май ойи якунида у 23,39 сўмга ёки 0,19 фоизга пастроқ бўлди.

Танланган валюталарнинг долларга нисбатан динамикаси (май). Манба: Mirkonomika / TelegramТанланган валюталарнинг долларга нисбатан динамикаси (май). Манба: Mirkonomika / Telegram

Иқтисодчи, Жанубий Кореянинг Чонбук Миллий университети магистранти ва Mirkonomika Telegram канали муаллифи Миркомил Холбоев май ойида долларнинг мустаҳкамланиши нафақат сўмга, балки бошқа кўплаб валюталарга нисбатан ҳам кузатилганини таъкидлади.

Хусусан, апрель ойида доллар танланган 39 та валютадан 32 тасига нисбатан қадрсизланган бўлса, май ойида танланган валюталардан 25 таси долларга нисбатан қадрсизланди.

Апрель ойида энг кўп мустаҳкамланган валюталардан бири бўлган тенге май ойида долларга нисбатан 5 фоизга заифлашди. Рубль эса, аксинча, мустаҳкамланишда давом этди: апрель ойидаги 8,1 фоизли ўсишдан сўнг май ойининг ўзидаёқ у долларга нисбатан яна 5,1 фоизга кўтарилди.

Асосий валюталар орасида фунт стерлинг ва иена долларга нисбатан 1,4 фоиздан, Швейцария франки 0,6 фоизга, евро эса 0,5 фоизга қадрсизланди.

Сўм волатиллиги (тебраниши).Сўм волатиллиги (тебраниши).

Миркомил Холбоев, шунингдек, май ойи давомида сўмнинг кунлик волатиллиги 0,31 фоизни ташкил этганини ва бу кўрсаткич апрель ойига нисбатан сезиларли даражада ошганини таъкидлади. Бироқ 2025 йилнинг шу ойига нисбатан волатиллик 9,2 фоизга паст бўлган.

Иқтисодчининг баҳолашича, танланган бошқа валюталар билан солиштирганда, сўм нисбатан паст волатилли валюталардан бири бўлиб қолмоқда. Аммо апрель ойига нисбатан сезиларли ўзгаришлар юз берди: апрелда сўм фақат 9 та валютага нисбатан кўпроқ тебранишга эга бўлган бўлса, май ойида унинг волатиллиги 16 та валютага нисбатан юқорироқ бўлди.

Танланган валюталар волатиллиги.Танланган валюталар волатиллиги.

Ой давомида танлаб олинган валюталар орасида энг юқори волатилликка эга валюта Чили песоси бўлди — унинг кунлик тебраниши 0,62 фоизни ташкил этди. Шунингдек, рубль (0,54 фоиз) ва тенгеда (0,47 фоиз) ҳам юқори волатиллик кузатилди.

Асосий валюталар орасида иена (0,29 фоиз) ва еврода (0,19 фоиз) сўмга нисбатан пастроқ волатиллик қайд этилди.

валюта курси, доллар, марказий банк, сўм

Иқтисодчи, шунингдек, май ойида сўмнинг мустаҳкамланиш ва қадрсизланиш кунларидаги волатиллик ўртасидаги фарқ кескин ошганига эътибор қаратди.

» Ҳеч қайси ойда сўм мустаҳкамланган кунларда ўртача кунлик тебранувчанлик 0,51 фоиздан ошмаган эди (ҳатто сўмнинг волотиллиги кескин кенгайган июнь-сентябрь ойларида ҳам). Яъни май ойида сўм мустаҳкамланган кунларда энг юқори тебранувчанлик қайд этилган», — деб таъкидлади у.

Сўмнинг қадрсизланиш кунларида эса ўртача волатиллик 0,23 фоизни ташкил этди.

«Таъкидлаш керакки, мустаҳкамланиш ва қадрсизланишнинг тебранувчанлиги ўртасидаги ижобий фарқ ҳеч қачон бунчалик йирик бўлмаган», — деб ёзди Миркомил Холбоев.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *