Ижтимоий тармоқларда Сергели автомобиль бозори бузилиши ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Айни пайтда бозор ҳудудида режали қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, деб хабар берди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.
Ҳокимликнинг таъкидлашича, бозор одатдаги тартибда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Олиб борилаётган ишлардан кўзланган мақсад бозор инфратузилмасини янгилаш, хавфсиз ҳамда замонавий савдо муҳитини яратишдан иборат.
Айни пайтда бозорда қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:
- бозорнинг маъмурий биноси кириш қисмига гранит плиталар ётқизилмоқда, ҳудуднинг 26,5 минг квадрат метр майдонига янги асфальт қопламаси ётқизилди, яна 16,2 минг квадрат метр майдонни асфальт қилиш режалаштирилган;
- эҳтиёт қисмлар сотиладиган дўконларнинг том қисми янгиланмоқда, витриналар алмаштирилиб, тартибсиз реклама конструкциялари демонтаж қилинмоқда, эски эҳтиёт қисмлар сотиладиган контейнерлар эса замонавий кўринишга келтирилмоқда.
Шунингдек, ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш учун бозорга кириш жойларида инсон омилисиз ишлайдиган, автоматлаштирилган тўлов тизими ускуналари ўрнатилмоқда. Ҳокимликка кўра, бу кириш жараёнини шаффоф ва тезкор қилиш имконини беради.
«Ушбу саъй-ҳаракатлар ҳудудни ривожлантириш, тадбиркорлар учун шароитларни яхшилаш ва пойтахт аҳолиси учун янада қулай муҳит яратишга қаратилган», — дейилади ҳокимлик муносабатида.
Шаҳар маъмурияти фуқаролардан фақат расмий маълумотларга таянишни ва тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликни сўради.
Маълумот учун, мажмуанинг расмий номи «Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари Сергели бозори» МЧЖ ҳисобланади.
2018 йил июнь ойида пойтахтдаги «Сергели» (автомобиль) ва «Янгиобод» бозорларини Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманига кўчириш режалаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ўшанда автобозорни тумандан кўчириш масаласи аҳолига туғдираётган ноқулайлик билан асосланган. Бозор турар жой мавзеларини шаҳар маркази билан боғловчи йўлда тирбандликларни келтириб чиқараётгани айтилган.
Шундан сўнг туманнинг ўша пайтдаги ҳокими Нозим Ҳусанов автомобиль бозорининг Тошкент четига кўчирилишини истамаслигини билдирган. Ҳокимнинг сўзларига кўра, бу бозор туман бюджетига йилига 11 млрд сўм келтиради.
2020 йилга келиб Сергели автомобиль бозори ҳудудида янги Car Box Service русумли автомобилларга хизмат кўрсатиш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилгани маълум бўлди. Ушбу қарор президент Шавкат Мирзиёевнинг 29 май куни Сергели ва Зангиота туманларига бўлган ташрифи давомида давлат раҳбари маъмуриятининг протоколидан жой олган.
Ҳужжатда қайд этилишича, бош вазир ўринбосари — иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни камайтириш вазири Жамшид Қўчқоров ва молия вазири Тимур Ишметовга икки ҳафта ичида 32,2 млн долларлик Car Box Service лойиҳасини амалга ошириш учун ҳисоб-китобларни кўриб чиқиш топширилган. Бироқ ҳужжат тақдири номаълумлигича қолмоқда.