2 июнда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Канада билан ўртоқлик ўйини ўтказди (2:0). Ўйиндан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро матбуот анжуманида ўйин, рақиб ва ЖЧ гуруҳи ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
Ўйин ҳақида
Ҳар қандай учрашувларда албатта хатолар бўлади. Хатоларни 10 кундан кейинги ўйинларда эмас, айнан мана шундай ўртоқлик ўйинларида қилган яхшироқ. Футбол шундай. Биринчи бўлимда жамоамиз ихчам ва агрессив ўйнади. Иккинчи бўлимда эса тўп назоратини кўпроқ қўлга олишни хоҳладик. Аммо интенсивликни йўқотдик ва бир нечта хатоларга йўл қўйдик. Бундай ўйинларда хато қилсангиз, бунинг учун жазоланасиз.
Футболчиларимдан айнан биринчи бўлимдагидек интенсивликни кутгандим. Мен келганимдан бери юқори интенсивликда ўйнаш устида ишлаяпмиз. Осиё футболи билан халқаро футбол ўртасидаги фарқни яхши биламан. Бу осон эмас, аммо биринчи бўлимда жамоамда кўплаб ижобий жиҳатларни кўрдим.
Рақиб ҳақида
Мен Канада терма жамоасини анчадан бери кузатиб бораман. У ерда кўплаб дўстларим бор. Сўнгги уч-тўрт йил ичида жамоа сезиларли даражада ўсди. Футбол Канадада жуда оммалашди. Кўплаб дўстларим билан суҳбатлашдим. Бугун ҳам жуда иқтидорли футболчиларни кўрдим.
Муаммолар ва муҳлислик ҳақида
Юқори интенсивликда ўйнаганда жароҳатлар бўлиб туради. Ҳозирча жиддий нарса йўқ. Эртага ва индинга кўрамиз. Менимча, бугун ҳамма учун энг катта муаммо совуқ об-ҳаво бўлди. Шунга қарамай, кўплаб мухлислар стадионга келишди. Бундай қўллаб-қувватлаш остида ўйнаш биз учун жуда ёқимли бўлди.
Бундай стадионда ўйнаш имкониятига эга бўлсангиз, бундан завқланишингиз ва қадрлашингиз керак. Бизни қўллаб-қувватлаш учун келган мухлисларга раҳмат айтишимиз керак. Бугун бу совуқ ҳавода стадионга келиш осон бўлмади.
Жаҳон чемпионатидаги гуруҳ ҳақида
Португалия, Колумбия ва Конго жуда кучли жамоалар. Улардан иккитаси дунёнинг энг кучли терма жамоалари қаторига киради. Улар билан ўйнаш жуда қийин бўлишини биламиз. Аммо футболчиларимга ҳам айтдим: бизда йўқотадиган ҳеч нарса йўқ. Бу мамлакатимиз тарихидаги илк Жаҳон чемпионати. Шунинг учун уларга фақат битта нарсани айтаман — бундан завқланинг. Жаҳон чемпионатида ўйнаш имконияти ҳар доим ҳам насиб этавермайди.
Ҳусанов ҳақида
Ҳусанов жуда яхши футболчи. У ҳали янада ривожланиши мумкин, чунки унинг салоҳияти жуда катта. Баъзан ҳаддан ташқари агрессив бўлиб кетади, ҳозир эса вазиятларни яхшироқ ўқишни ўрганиши керак. Аммо ҳимоячи сифатида у жуда ҳам яхши футболчи.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ЖЧга тайёргарлик доирасида 8 июнь куни Нью Йоркда ҳам Нидерландияга қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Миллий терма жамоа ЖЧдаги дастлабки учрашувини 18 июнь куни Тошкент вақти билан соат 8:00 да Мехикода Колумбияга қарши ўтказади.