• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент Чирчиқдаги полимер маҳсулотлар корхонасида бўлди


Президент Шавкат Мирзиёев «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркида фаолият юритаётган «Kmita Polymers» корхонасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Россиянинг «Polymers» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур лойиҳа махсус ва кенг ассортиментдаги полиэтилен плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бундай плёнкалар замонавий иқтисодиётнинг кўзга кўринмайдиган, аммо жуда муҳим бўғинларидан биридир. Бугун озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника, қурилиш материаллари, фармацевтика воситалари ва турли саноат товарларининг бозорга хавфсиз етказилиши, ташқи таъсирлардан муҳофазаланиши кўп жиҳатдан замонавий қадоқлаш технологияларига боғлиқ.

6 минг 670 квадрат метр майдонни эгаллаган корхонада Италиянинг замонавий технологик ускуналари асосида кенг ассортиментдаги полимер ва термоқисқарувчи плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Унинг ишга туширилиши натижасида 9,5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши таъминланмоқда.

Таъкидланишича, лойиҳа икки босқичли кенгайтириш дастури асосида амалга оширилмоқда. Инвестицияларнинг умумий қиймати 15,2 миллион долларни ташкил этади. Унинг биринчи босқичида 7,4 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди.

Ушбу лойиҳа доирасида 50 та янги иш ўрни яратилди. Кейинги босқичларда иш ўринлари сони янада кўпайиши кутилмоқда. 2025 йилда бу ерда 115 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу билан бирга, 6 миллион долларлик маҳсулот Марказий Осиё давлатларига экспорт қилинди.

Корхона ишлаб чиқараётган полимер маҳсулотлар Coca-Cola, Pepsi, Flash, «Черноголовка», Ackerman, Asl Oyna, Biolife ва Family Group каби йирик брендларнинг қадоқлаш тизимларида маҳаллий хомашё сифатида қўлланилмоқда.

Бундан ташқари, қадоқлаш индустрияси замонавий саноатнинг энг тез ривожланаётган йўналишларидан бири экани таъкидланди. Чунки маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошиб борган сари уни хавфсиз сақлаш, ташиш ва бозорга етказиб бериш талаблари ҳам кучаяётгани қайд этилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *