Самарқанд вилояти Пахтачи туманида электромопед каналга тушиб кетиши оқибатида тўрт киши, жумладан, вояга етмаган болалар ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

31 май куни соат 20:25 да Самарқанд вилояти ФВБга 112 тизими орқали хабар келиб тушган. Унда юк ташиш учун мўлжалланган электромопед ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида 7 нафар фуқаро билан «Нарпай» каналига тушиб кетгани айтилган.

Хабарга асосан ФВВ қутқарувчилари воқеа жойига етиб борган вақтда каналга тушиб кетган 8 нафар фуқародан 4 нафари аҳоли томонидан қутқариб қолингани аниқланган. Шундан сўнг сувда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган.

Қутқарувчилар ва аҳоли ёрдамида олиб борилган сувда қидирув ишлари давомида қолган 4 киши ҳалок бўлгани аниқланиб, каналдан олиб чиқилган.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида маълум бўлишича, Пахтачи тумани «Украч» МФЙда яшовчи 42 ёшли фуқаро бошқарувидаги электромопедга жами 8 нафар шахс — турмуш ўртоғи ҳамда ўзи ва қўшни хонадондан 6 нафар вояга етмаган болани миндириб, сайр қилаётган бўлган.

ФВВнинг Gazeta`га аниқлик киритишича, ҳайдовчи ва турмуш ўртоғи ҳамда 2 нафар бола қутқарилган, вафот этганлар 4 нафар бола бўлган.

Ҳозирда воқеа жойида Пахтачи тумани прокуратураси, ИИБ, ФВБ томонидан ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.