Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноатини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Унда сўнгги йилларда тармоқда эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, мамлакат иқтисодиётининг жадал ўсиши натижасида саноат тармоқларида 3 минг турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шу жараёнда кимё саноати ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Сўнгги 9–10 йил давомида тармоққа 8 миллиард 300 миллион доллар инвестиция жалб қилинди ва 87 та йирик ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Натижада ПВХ, «яшил» водород, кўпикли полипропилен, BOPP плёнка каби 60 дан ортиқ юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Йиғилишда қайд этилишича, амалга оширилган ислоҳотлар ҳисобига кимё маҳсулотлари экспорти уч карра ошган. Шунингдек, соҳада банд бўлган ходимлар сони 50 минг нафардан ошган.
Янги қувватлар иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун муҳим хомашё базасини шакллантириб, минглаб янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконини берган.
Бироқ тармоқда ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам сақланиб қолмоқда. Сўнгги тўққиз йилда республика саноати ўртача 6,3 фоизга ўсган бўлса, кимё саноатида бу кўрсаткич 3 фоизга ҳам етмаган. Шу билан бирга, кимё маҳсулотлари импорти йиллик 4,5 миллиард долларга етган.
Йиғилишда маҳаллий ишлаб чиқариш ички талабнинг ҳатто 60 фоизини ҳам қопламаётгани таъкидланди. Мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани ва бир ишчи ҳиссасига тўғри келадиган қўшилган қиймат ривожланган давлатларга нисбатан 2–3 баробар камлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти асосан ўз тизимидаги йирик корхоналар билан ишлаётгани, соҳадаги 5 мингдан ортиқ корхона билан тизимли мулоқот ва ҳамкорлик етарли даражада эмаслиги танқид қилинди.
Давлат раҳбари кимё саноатидаги мавжуд муаммоларни бевосита муҳокама қилиш мақсадида соҳа корхоналари вакиллари билан шахсан учрашишга қарор қилганини билдирди.