Яккасарой тумани Юнус Ражабий маҳалласидаги 60-уй ҳовлисида спорт мусиқаси янграйди, ҳакам ҳуштаги ҳавони тилиб ўтади, мухлислар ва томошабинларнинг шовқини эшитилади. Кимдир яқин атрофдаги уйлар аҳолиси олиб чиққан ўриндиқ ва курсиларда ўтирган бўлса, бошқалар ерда қулай жойлашиб олган. Яқиндагина суд орқали қурилишдан сақлаб қолинган футбол майдонида мезбон — «Yu. Rajabiy» жамоаси Мирзо Улуғбек, Юнусобод ва Яшнобод туманларидан келган меҳмонларни қабул қилмоқда. Спортчилар 10−12 ёшда.
Бу Тошкент футбол ассоциацияси томонидан Юнус Ражабий маҳалласида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказилаётган иккинчи болалар турниридир. Биринчи турнир 2023 йилда футбол майдонини ҳимоя қилиш акцияси ва турар-жой даҳаларида футбол майдонлари сони қисқариб бораётганига жамоатчилик эътиборини қаратиш усули сифатида ташкил этилган эди.
Май ойида Ўзбекистон Олий суди маҳалла аҳолиси томонини олиб, ушбу ҳудудда қурилиш қилишга рухсат берувчи қарорни бекор қилиш ҳақидаги қарорни кучда қолдирди. Қурилиш компаниясига қарши кураш тўрт йил давом этган.
«Бугун биз узоқ кутилган ғалабани нишонлаяпмиз. Ниҳоят, ўзимиз „қайтариб олинган майдон“ деб атайдиган жойда яна болалар футбол ўйнаяпти, кулги овозлари эшитиляпти, турнир ўтказиляпти. Буларнинг барчасини кўрганингизда, узоқ ва оғир кураш беҳуда бўлмаганини тушунасиз», — дейди 60-уйда истиқомат қилувчи фаол Мукаррам Баҳромхўжаева.
Майдонда биринчи ўйин бошланди. Исмлари ёзилган қизил футболкадаги мезбонларга Юнусобод туманидан келган меҳмон жамоа қарши чиқди. «Yu. Rajabiy» футболчилари тўпни ишончли назорат қилди, рақиб дарвозаси олдида кўпроқ пайдо бўлди ва уларга ҳужум ташкил этиш учун деярли имконият қолдирмади.
Асосий таркибга кирмаган болалар майдон четидан ўйинни диққат билан кузатиб турди. Тўрли тўсиқ ортидаги томошабинлар — ёш футболчиларнинг ота-оналари ва яқин атрофдаги уйлар аҳолиси ҳам худди шундай қизиқиш билан ўйинни кузатди. Ҳар бир аниқ пас ва хавфли вазият қарсаклар ва баланд овозли ҳайқириқлар билан қарши олинди. Майдон четидан «Баракалла!», «Пас бер!», «Дарвозага теп!» деган чақириқлар эшитилиб турди. Баъзан мухлислар ўзаро баҳсга ҳам киришарди: қоидабузарлик бўлдими, тўп чизиқдан ўтдими ёки жарима зарбаси кимга берилиши керак эди?
Мухлислар орасида 60-уйда яшовчи Алишер Каримов ҳам бор. Майдонда унинг 10 ёшли ўғли Карим тўп сурмоқда. Алишернинг ўзи ҳам болалигида шу ерда футбол ўйнагани учун бошқа аҳоли билан бирга ҳовлини ҳимоя қилиш учун курашган.
«Мен шу ҳовлида катта бўлганман. Биз болалар билан бутун болалигимизни шу футбол майдонида ўтказганмиз. Турнирларда қатнашардик, кўпинча ғолиб ҳам бўлардик. Бизга медаллар беришар, ўйинчоқлар совға қилишар, музқаймоқ билан меҳмон қилишарди. Бу анъана давом этаётганини ва майдонни сақлаб қолишга муваффақ бўлганимизни кўриш мен учун катта қувонч», — деди у.
70-уйда истиқомат қилувчи Элина Ҳайдарова ҳам 11 ёшли ўғли Аскаралини қўллаб-қувватлаш учун келган. Оиладаги икки катта фарзанд сузиш билан шуғулланади, кичик ўғли эса бир неча йил аввал футболга қизиқиб қолган ва қўшни ҳовлилардан келадиган болалар йиғиладиган ушбу майдонга мунтазам қатнай бошлаган. Аёлнинг айтишича, айнан ўша пайтда у болалар учун бундай жойларни сақлаб қолиш қанчалик муҳимлигини янада чуқурроқ ҳис қилган.
«Маҳалламиз аҳолиси билан фахрланамиз ва майдонни сақлаб қолишга муваффақ бўлганимиздан жуда хурсандмиз. Бу жой болаларники бўлиб қолишини, улар бу ерда мулоқот қилиши, спорт билан шуғулланиши ва тўлақонли болаликни ўтказишини истаймиз. Биз, ота-оналар учун ҳам болаларнинг ўз ҳовлисида, ҳамма бир-бирини танийдиган жойда ўйнаши хотиржамлик бағишлайди», — дейди у.
Элина Ҳайдарованинг сўзларига кўра, маҳалла аҳолиси ер участкасини расман футбол майдони сифатида расмийлаштиришга умид қилмоқда. Агар майдон маҳалла балансига ўтказилиб, Тошкент футбол ассоциациясининг футбол майдонлари реестрига киритилса, ҳудудни ободонлаштириш имконияти пайдо бўлади: майса ётқизиш, кийиниш хоналарини қуриш, ёритиш тизимини ўрнатиш ва мунтазам машғулотлар учун шароит яратиш мумкин бўлади.
Майдон четида турнирни диққат билан кузатаётганлар орасида хизмат кўрсатган спортчи, футбол мураббийи ва Тошкент футбол ассоциацияси вице-президенти Азамат Абдураимов ҳам бор эди. У вақти-вақти билан ўйинчиларни чақириб, ҳимояни қандай тузиш бўйича маслаҳатлар берди, ҳаяжонланаётган болаларни қўллаб-қувватлади.
«Аҳоли ҳужжатларни расмийлаштириши билан Тошкент футбол ассоциацияси бу майдон ва болаларни ўз ҳомийлигига олади. Биз машғулотларга ёрдам берамиз, ўйинларни тез-тез ўтказамиз ва болалар футбол билан тизимли равишда шуғулланиши учун шароит яратамиз. Ишонаманки, бугун ҳовлида тўп сураётган шу болалар орасидан келажакда Ўзбекистонни халқаро чемпионатларда ҳозирги футболчиларимиз каби муносиб равишда намоён этадиган спортчилар албатта етишиб чиқади», — деди Абдураимов.

Катталар майдоннинг келажагини муҳокама қилаётган бир пайтда турнир финал босқичига яқинлашди. Ҳал қилувчи ўйинда Яккасарой ва Яшнобод туманлари жамоалари ўзаро куч синашди. «Yu. Rajabiy» жамоаси кетма-кет икки гол уриб ҳисобни очди. Рақиблар эса ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Учрашув тақдирини пенальтилар серияси ҳал қилди ва рамзий тарзда ғалаба майдон эгаларига насиб этди.
Турнир якунланганидан сўнг барча иштирокчилар медаллар билан тақдирланди. Анъанага кўра, футболчилар ва мухлисларга музқаймоқ ҳам тарқатилди.
