Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 5 ёшли бола чуқурга ўрнатилган қувур ичига тушиб кетди, дея хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Қайд этилишича, ҳодиса 13:47 да тумандаги Саксонота маҳалласида жойлашган хонадонлардан бирида содир бўлган. Навбатчилик қисмига қаровсиз қолган бола қувур ичига тушиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган.
Шундан сўнг Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси қутқарувчилари воқеа жойига етиб бориб, махсус асбоб-ускуналар ёрдамида болани қисқа вақт ичида қувур ичидан олиб чиққан.
Қутқарилган бола тиббиёт ходимларига топширилган. Шифокорлар унинг аҳволи яхши эканини маълум қилган.
