• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Кимё саноати учун инновацион илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластери ташкил қилинади


Тошкент шаҳрида Кимё саноати учун инновацион илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластери ташкил қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев кимё саноатини ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Йиғилишда президент бугун корхоналардаги ёш лаборантлар, дуал таълим асосида ишлаётган талабалар билан гаплашиб, олимларнинг тақдимоти билан танишиб, соҳага илм-фан кириб бораётганига амин бўлганини таъкидлади. Лекин бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўплиги қайд этилди.

Соҳада таълим, тадқиқот, лаборатория, стартапларни ўз ичига олган яхлит тизим яратилади. Бунинг учун Мирзо Улуғбек туманидаги 60 гектар ерда Кимё саноати учун инновацион илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластери ташкил қилинади. Мазкур кластерда Жанубий Корея билан ҳамкорликда Кимё технологиялари инновация маркази барпо этилади. Ушбу марказда тажриба-синов ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг ярми қоплаб берилади.

Келгуси йил якунигача Тошкент кимё-технология институти, Менделеев номидаги кимё-технология университетининг Тошкент филиали кластер ҳудудига кўчирилади.

Сувда эрийдиган ўғит, полимерлар, маиший ва ноорганик кимё бўйича режалаштирилган катта лойиҳалар ҳисобига нанокимё, «яшил» кимё, супер-молекуляр кимё, сунъий интеллект асосида кимёвий моделлаштириш каби замонавий йўналишлар бўйича кадрларга талаб пайдо бўлади.

Шу мақсадда кимё соҳасида кадр тайёрлайдиган 35 та олийгоҳнинг профессор ўқитувчи ва кафедра мудирлари лойиҳаларга бириктирилди.

Янги ўқув йилидан ушбу эҳтиёжлардан келиб чиқиб кадр тайёрлашни бошлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Умуман, кимё саноати бўйича 17 миллиард долларлик 350 дан зиёд лойиҳани ишга тушириш бўйича дастур қилиб, ишларни бошлаш топширилди.

Ушбу катта марраларни бажариш учун соҳани илмий асосланган ва замонавий ёндашувлар асосида бошқариш талаб этилади. Шу боис, «Ўзкимёсаноат»ни трансформация қилиш зарурлиги қайд этилди ва мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *