Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Миробод туманида автобус ва енгил автомобиль иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасининг фото ва видеолари тарқалди. Ҳодиса Нукус ва Тарас Шевченко кўчалари чорраҳасида юз берган, дея хабар берди «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, 2 июнь куни соат 15:28 да 16-йўналишда қатновчи Yutong русумли автобус Нукус кўчасидан Тарас Шевченко кўчасига чапга бурилаётган бўлган. Айни шу пайтда у қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган BYD русумли автомобиль билан тўқнашган.
Билдирилишича, енгил автомобиль ҳайдовчиси чорраҳани светофорнинг қизил чироғида кесиб ўтган ва оқибатда автобус билан тўқнашиб кетган.
Автобус ва енгил автомобиль ҳайдовчилари тез ёрдам томонидан 1-сонли Республика клиник шифохонасига етказилган.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маълумотларига кўра, автобусда 10−15 нафар йўловчи бўлиб, уларнинг ҳеч бири жабрланмаган.