Тошкентдаги Икуо Хираяма халқаро маданият карвонсаройида инклюзив, хавфсиз ва адолатли таълим муҳитини шакллантиришга бағишланган «Менинг мактабим — ҳар бир бола учун» кўргазмаси очилди. Лойиҳа БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган ёш муаллифларнинг расмлари, иншолари, фотосуратлари ва видеоматериаллари тақдим этилган.
«Болаларнинг расмлари бизга инклюзив таълим шунчаки таълим масаласи эмаслигини эслатиб туради. Гап қадр-қиммат, тенглик, имкониятлар ва биз биргаликда қуришни истаган келажак ҳақида кетмоқда», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Кастижио.
Рехина Кастижио.
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган болалар сони тахминан 122 300 нафарни ташкил этади, бироқ уларнинг атиги 5999 нафари мактабга боради. Бу қамров даражаси 5 фоиздан кам эканини англатади.
БМТ Болалар жамғармасининг таъкидлашича, жисмоний тўсиқларни бартараф этишдан ташқари, ногиронликка нисбатан жамиятдаги қарашларни ўзгартириш — тиббий ёки хайрия ёндашувидан инсон ҳуқуқлари моделига ўтиш зарур.
«Инклюзив таълим сифатли таълим тизимларининг энг кучли ҳаракатлантирувчи кучларидан биридир. Мактаблар инклюзив бўлганда, улар ҳар бир бола учун яхшироқ жойга айланади. Улар болага йўналтирилган, мослашувчан, инновацион ва барча болаларнинг таълим эҳтиёжларига жавоб берадиган бўлади», — дея таъкидлади Рехина Кастижио.
ЮНИСЕФ томонидан «Ishonch 2030» ташаббуси доирасида қўллаб-қувватланадиган 50 та мактаб маълумотларига кўра, ота-оналарнинг 43 фоизи ва ўқитувчиларнинг 32 фоизи оддий давлат мактаблари ва боғчаларни таълим олиш учун энг мақбул муҳит деб ҳисоблайди. Ота-оналарнинг 18 фоизи ва ўқитувчиларнинг 19 фоизи ихтисослаштирилган мактабларни, 8 фоизи ота-оналар ва 15 фоизи ўқитувчилар эса уйда таълим олишни қўллаб-қувватлайди.
ЮНИСЕФ бу маълумотлар инклюзив мактабларга бўлган ишонч ортиб бораётганини ва педагогика, табақалаштирилган таълим, ёрдамчи технологиялар ҳамда мослаштирилган материаллардан фойдаланиш, шунингдек, қулай инфратузилмани яратиш орқали таълим имкониятларини янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатишини қайд этмоқда.
Кўргазма 14 июнга қадар давом этади. Кириш бепул.
