Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркига ташриф буюриб, қатор корхоналар фаолияти билан танишди ҳамда кимё саноатини ривожлантириш ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Расмий маълумотларга кўра, сўнгги тўққиз йилда Ўзбекистон саноати ўртача йиллик 6,3 фоизга ўсган бўлса, кимё саноатида бу кўрсаткич 3 фоизга ҳам етмаган. Шу билан бирга, кимё маҳсулотлари импорти йиллик 4,5 млрд долларга етган.
Давлат раҳбари мамлакатда ишлаб чиқарилаётган кимё маҳсулотлари ички талабнинг ҳатто 60 фоизини ҳам қопламаётганини қайд этди. Шунингдек, мавжуд имкониятлардан етарлича самарали фойдаланилмаётгани, кимё саноатида бир нафар ходим ҳиссасига тўғри келадиган қўшилган қиймат бошқа мамлакатларга нисбатан 2−3 баробар пастлиги таъкидланди.
Президент «Ўзкимёсаноат» давлат компанияси фаолиятини танқид қилиб, у асосан тизимидаги йирик корхоналар билан ишлашга эътибор қаратаётганини таъкидлади. Давлат раҳбарига кўра, тармоқдаги 5 мингдан ортиқ корхона билан тизимли ишлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш ишлари етарли даражада олиб борилмаяпти.
Шавкат Мирзиёев кимё саноати корхоналари вакиллари билан соҳада тўпланиб қолган муаммоларни муҳокама қилиш учун шахсан учрашишга қарор қилганини билдирди.
Йиғилишда, шунингдек, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда ҳар йили 1,5 млн тонна аммиакли селитра ишлаб чиқарилади, бунинг учун 1,07 млрд куб метр табиий газ сарфланади. Шу билан бирга, расмий маълумотларга кўра, ривожланган давлатлар қишлоқ хўжалигида селитра истеъмолини қисқартириб, карбамид ва сувда эрийдиган ўғитлардан, кончилик соҳасида эса ғовак (порист) селитрадан фойдаланишга ўтмоқда.
Одил Темиров, «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси. Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбари таъкидлашича, ғовак селитранинг таннархи аммиакли селитра билан деярли бир хил бўлса-да, унинг қўшилган қиймати икки баравар юқори. Шу муносабат билан масъуллар ва кимё саноати корхоналари раҳбарларига бундай юқори самарали лойиҳалар сонини кўпайтириш топширилди.
Президент мисол сифатида «Навоийазот» корхонасини келтирди. Унинг таъкидлашича, корхонада ишлаб чиқарилаётган циан тузининг 1 тоннаси 3700 долларга сотилса, ундан елим маҳсулоти тайёрланганда қиймат 8000 долларгача ошади. Шу муносабат билан масъулларга «Навоийазот» яқинидаги кластерда умумий қиймати 1 млрд доллар бўлган 10 та кичик тоннажли кимё лойиҳасини ишга тушириш топширилди.
Алоҳида равишда минерал хомашё захираларидан самарали фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Президент геология соҳасида мавжуд ресурсларни тўлиқ ишга солиш орқали қўшилган қийматни бир неча баробар ошириш мумкинлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида жами 550 млн тонна натрий ва калий, шунингдек, 20 млн тонна бентонит захиралари мавжуд. Ушбу хомашёни қайта ишлаб, каустик сода ишлаб чиқариш қўшилган қийматни уч бараваргача ошириши мумкин.
Шунингдек, Жиззах вилоятида 1,5 млн тонна, Қорақалпоғистонда эса 500 минг тонна серпентинит захиралари аниқланган. Уни сулфат кислота ёрдамида қайта ишлаш орқали тоннаси 5 минг долларгача бўлган магний оксидини олиш мумкин.
Президент серпентинитни чуқур қайта ишлаш натижасида электротехника саноати учун муҳим бўлган никель, хром ва кобальт каби маҳсулотлар ҳам олиш мумкинлигини қайд этди.
Йиғилишда масъулларга фосфорит, галит, мирабилит ва серпентинит каби кимё саноати учун зарур хомашё захираларини икки бараварга ошириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш ва амалий ишларни бошлаш топширилди.
Шунингдек, серпентинит хомашёсини қайта ишлаш бўйича камида 200 млн долларлик лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.
