Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 4−5 июнь кунлари амалий ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон раҳбари «Прагматик мулоқот — барқарор келажак сари йўл» шиори остида ўтадиган 29-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида иштирок этади ва нутқ сўзлайди.
Ўзбекистон етакчиси жаҳон иқтисодиётидаги вазият, Ўзбекистон — Россия иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари борасидаги фикрлари билан ўртоқлашади, шунингдек, мамлакатимизни ривожлантиришнинг бугунги устувор йўналишларига тўхталиб ўтади.
Ташриф дастурида Владимир Путин билан учрашув ўтказиш ҳамда Ўзбекистонда биринчи интеграциялашган атом электр станцияси қурилишини бошлаш маросимида иштирок этиш кўзда тутилган. Лойиҳа Жиззах вилоятида қурилмоқда, бетон ишлари март ойида бошланган.
АЭС дунёдаги биринчи интегратсиялашган ҳисобланади, у бир вақтнинг ўзида иккита йирик энергия блокини ва иккита кичик энергия блокини ўз ичига олади.
