Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида сув омборида чўкиб кетган фуқаро қидирилмоқда. Бу ҳақда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича,1 июнь куни соат 17:30 атрофида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига «112» тизими орқали Қумқўрғон туманида жойлашган Жанубий Сурхон сув омборида қайиқ ағдарилиб кетгани ҳақида хабар келиб тушди.

ФВБ маълумотига кўра, қутқарувчилар воқеа жойига етиб борган вақтда сувга тушиб кетган беш нафар фуқаронинг тўрт нафари қирғоққа сузиб чиққан. Бир нафар фуқаро эса сувдан чиқолмай қолиб, ғарқ бўлган.

Ҳодиса юзасидан ФВБ қутқарувчилари томонидан сув ҳавзасида кенг кўламли қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда воқеа жойида Қумқўрғон тумани прокуратураси, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.