• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Инсон ўзини ташлаб қўйилгандек ҳис қилмаслиги керак». Ўзбекистонда паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси очилди


Тошкентда Ўзбекистон паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси ўз фаолиятини бошлади. Нодавлат ташкилот ҳосписларни қўллаб-қувватлаш, замонавий халқаро стандартларни жорий этиш ва соҳада мутахассислар тайёрлаш тизимини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

«Ассоциация ташхиси ва касаллик босқичидан қатъи назар, ҳар бир бемор муносиб ҳаёт кечириш, азоб-уқубатларини енгиллаштириш, қўллаб-қувватлаш ва инсоний муносабатга ҳақли, деб самимий ишонадиган инсонларни бирлаштиради», — деди ассоциация ижрочи директори Яков Тен.

Яков Тен. Фото: Ўзбекистон паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси.

Унинг сўзларига кўра, ассоциацияни ташкил этиш ғояси тахминан икки йил аввал пайдо бўлган. Лойиҳани ишга туширишдан олдин халқаро тажриба ўрганилган.

«Паллиатив ёрдамни малакали мутахассисларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун таълим дастурлари, малака ошириш курслари, замонавий клиник стандартларни жорий этиш ва кўп тармоқли ёндашувни шакллантириш зарур. Оғир касал беморлар ва уларнинг оилалари билан ҳар куни ишлайдиган ҳамширалар, психологлар, ижтимоий ходимлар ва шифокорларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади», — деди Яков Тен.

Шу билан бир вақтда ўқув дастурини тугатганидан сўнг Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги катталар учун мўлжалланган ҳосписда ишлаш имкониятига эга бўладиган мутахассислар учун халқаро таълим дастури ҳам ишга туширилди.

Таълим дастури

Ассоциациянинг илк таълим лойиҳаси Британиянинг PACED (The Foundation for Palliative Care Education) жамғармаси билан ҳамкорликда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги кўмагида амалга оширилмоқда.

Ўқув дастурида турли йўналишларда фаолият юритувчи қарийб 40 нафар ҳамшира ва 10 нафар шифокор иштирок этишни бошлади. Олти кун давомида иштирокчилар паллиатив ёрдам асослари, ахлоқий тамойиллар, оғриқсизлантириш, симптомларни бошқариш, беморларни парваришлаш, мулоқот ва оилаларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича билим олади.

Дастур учта модулдан иборат. Назарий тайёргарликдан кейин иштирокчиларни ҳосписда амалиёт ва натижаларни баҳолаш жараёни кутади.

Яҳъё Зияевнинг айтишича, олинган билимлар фақат назарий маълумот бўлиб қолмаслиги, амалиётда қўлланилишига алоҳида урғу берилган.

Яҳъё Зияев. Фото: Ўзбекистон паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси.Яҳъё Зияев. Фото: Ўзбекистон паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси.

Дастурни амалга ошириш учун Литва, Руминия ва Россиядан халқаро экспертлар жалб қилинган бўлиб, улар ўзбекистонлик мутахассислар билан биргаликда ишлайди.

«Уларнинг барчаси ўз мамлакатларида паллиатив ёрдам йўналишининг етакчилари ва асосчиларидир. Ўқув якунида мутахассислар тест синовидан ўтади. Натижаларга кўра, давлат уларнинг иш фаолияти давомида 100 фоизлик устама тўлаб боради», — дея изоҳ берди Яҳъё Зияев.

Таклиф этилган экспертлардан бири — Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг паллиатив ёрдам бўйича штатдан ташқари бош мутахассиси Диана Невзорова паллиатив ёрдамни ривожлантириш соғлиқни сақлаш тизими етуклигининг муҳим кўрсаткичи эканини таъкидлади.

«Мамлакатда, профессионал ҳамжамиятда паллиатив ёрдам ғояси пайдо бўлса, демак, бу соғлиқни сақлаш тизими тузалиб кетмайдиган, аммо ёрдамга муҳтож беморлар ҳақида ҳам ўйлашга тайёр дегани. Бу жуда яхши белги», — деди у.

Диана Невзорова. Фото: Ўзбекистон паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси.Диана Невзорова. Фото: Ўзбекистон паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси.

PACED жамғармаси бошқарувчи директори Роман Склоцкий таълим дастурининг вазифаси фақат билим беришдан иборат эмаслигини қайд этди.

«Биз учун ҳосписнинг ўзида барқарор таълим тизимини шакллантиришга кўмаклашиш муҳим. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, айнан жамоаларнинг касбий салоҳиятига киритилган инвестициялар паллиатив ёрдамнинг барқарор сифатини таъминлайди», — деди у.

Келгусида ўқув ва тренинг марказлари тармоғини яратиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, паллиатив ёрдамнинг ягона стандартларини жорий этиш ва мамлакатнинг барча ҳудудларида бундай хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.

Катталар учун ҳоспис қачон очилади?

Биринчи болалар ҳосписи — Taskin 2022 йил август ойида Тошкент вилоятида иш бошлаган. Шу вақтга қадар у ерда қарийб 400 нафар беморга ёрдам кўрсатилган.

«Ҳоспис — бу шунчаки бемор ўзини ташлаб қўйилгандек ҳис қилмаслиги керак бўлган жой эмас. Бу оғриқ эшитилиши ва енгиллаштирилиши лозим бўлган, оила қўллаб-қувватланадиган, тиббиёт меҳр-шафқат билан, касбий билимлар эса инсон қадр-қимматига чуқур ҳурмат билан уйғунлашадиган жойдир», — деди PACED вакили Роман Склоцкий.

Роман Склоцкий. Фото: Ўзбекистон паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси.Роман Склоцкий. Фото: Ўзбекистон паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси.

Яҳъё Зияевнинг маълум қилишича, дастур иштирокчилари фаолият юритадиган катталар учун мўлжалланган ҳоспис июль ойида Қибрай туманида очилади ва 50 ўринга мўлжалланган бўлади. У паллиатив ёрдамдан кимлар фойдаланиши мумкинлиги ҳақида ҳам тўхталди.

«Ҳоспис ёрдамига муҳтож беморларнинг тахминан 80 фоизи уйида қолиши мумкин. Аммо яқинлари симптомларни назорат қила олмайдиган ва стационар ёрдам зарур бўладиган ҳолатлар ҳам учрайди. Баъзан қариндошлар учун оғир касал инсонни парвариш қилиш маънавий ва жисмоний жиҳатдан жуда қийин кечади. Бундай оилаларга ижтимоий нафас ростлаш имконияти керак бўлади. Бу тоифадаги беморлар ҳам ҳосписда бўлади», — дея тушунтирди Яҳъё Зияев.

Ҳоспис очилиши бир неча бор кечиктирилган. Зияевнинг сўзларига кўра, сўнгги кечикиш тўлиқ тўсиқсиз муҳит яратиш зарурати билан боғлиқ. Бу камҳаракат инсонларнинг эркин ҳаракатланиши ва беморларни ғилдиракли арава (каталка)ларда ташиш учун муҳим шарт ҳисобланади. Июль ойидаги очилишга қадар мазкур масалаларни ҳал этиш режалаштирилмоқда.

Фото: Ўзбекистон паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси.Фото: Ўзбекистон паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси.

Келгусида Бухоро ва Фарғонада ҳар бири 50 ўринга мўлжалланган ҳудудлараро ҳоспислар ташкил этиш режалаштирилган.

«Биз барча ҳоспислар стационар бўлиши керак, деган ёндашувдан воз кечяпмиз. Кўп ҳолларда инсонлар учун уйда бўлиш қулайроқ. Шунинг учун асосий эътибор кўчма бригадаларга қаратилади. Бутун жараён E-Palliative электрон платформаси орқали назорат қилинади. Беморнинг ҳаракат йўналиши, дори воситаларини бериш, уларни қабул қилиш ва ҳар бир бригада ишининг самарадорлиги рақамлаштирилади ҳамда реал вақт режимида баҳоланади», — деди у.

Ассоциация вакилларининг режаларига кўра, 2030 йилга қадар қарийб 200 та кўчма тиббий бригада уй шароитида кўрсатиладиган паллиатив ёрдамга бўлган эҳтиёжнинг тахминан 80 фоизини қамраб олиши мумкин.

«Оғир аҳволдаги беморлар шифохоналарга қатнаб юрмайди. Аксинча, паллиатив ёрдам беморнинг уйигача етиб боради», — дея таъкидлади Яҳъё Зияев.

Профессионал ҳамжамият

Ассоциацияда қайд этилишича, паллиатив ёрдам фақат онкологик беморлар учун эмас, балки бошқа оғир касалликларга чалинган инсонлар учун ҳам мўлжалланган. Яқин йилларда қамровни кенгайтириш, мамлакат бўйлаб катталар ва болалар билан ишлайдиган соҳавий мутахассисларни тайёрлаш режалаштирилган.

«Паллиатив ёрдам бутун оилага бу йўлни биргаликда босиб ўтишда ёрдам беради. Биз буни келажак учун, ҳар бир инсон ташхиси, ёши, жинси ва яшаш жойидан қатъи назар сифатли паллиатив ёрдам олиши мумкин бўлган соғлиқни сақлаш тизимини шакллантириш учун қиляпмиз», — деди ассоциация менежери Камилла Турахўжаева.

Унинг қўшимча қилишича, ассоциация фаолияти ҳар куни инсон дарди билан юзма-юз келадиган ва катта масъулиятни зиммасига оладиган шифокорлар, ҳамширалар, психологлар ҳамда ижтимоий ходимларга қаратилган. Улар зарур кўникма ва билимларга, қўллаб-қувватлашга, замонавий воситаларга ҳамда исталган пайт ёрдам беришга тайёр профессионал ҳамжамият борлигига ишончга эга бўлиши муҳим.

Катталар учун ҳоспис ҳақида

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида катталар учун ҳосписни 2019 йилда очиш режалаштирилган эди. Бироқ маблағ етишмаслиги сабабли лойиҳа ҳар йили кечиктириб келинган. Февраль ойида соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров (май ойида лавозимидан озод этилган) ҳосписда пардозлаш ишлари якунланганини маълум қилиб, уни ишга туширишнинг дастлабки муддати сифатида март ойи охири белгиланганини айтган эди.

Ҳоспислар ва паллиатив ёрдам бўлимларини қуриш президентнинг 2017 йилдаги онкология хизматини ривожлантириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган эди. Ҳудудлараро муассасалар пойтахт, Фарғона, Самарқанд (2023 йилда очилган) ва Хоразмда (2012 йилда очилган, қарор қабул қилингандан кейин кенгайтирилган) ташкил этилиши кўзда тутилган эди.

2023 йилда Gazeta Ўзбекистонда онкологик беморлар қандай вафот этаётгани ва давлат нега уларнинг ҳаётини қўллаб-қувватлаши кераклиги ҳақида «Қуруқ ўлим» номли катта мақолани эълон қилган эди (мақола рус тилида — таҳр.).



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *