Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Халқаро шахмат федерацияси (FIDE)нинг июнь ойи учун янгиланган рейтингида тўртинчи ўринга кўтарилди. Унинг халқаро мусобақаларга тайёргарлиги ва мураббийлар билан машғулотлари Ўзбекистон миллий банки кўмагида ўтказилмоқда.
Янги рейтингда Синдаров 2777 очкога эга. Май ойига нисбатан у бир поғона юқорилади: бир ой аввал у 2776 рейтинг билан бешинчи ўринни эгаллаб турганди.
Май ойида шахматчи Бухарестда бўлиб ўтган Super Chess Classic Romania турнирида учинчи ўринни бўлишди. У 9 баллдан 5 очко жамғариб, 63,3 минг доллар мукофот пулини қўлга киритди.
Ўзбекистоннинг яна бир вакили — Нодирбек Абдусатторов — бешинчи ўринни эгаллади. Унда ҳам 2777 рейтинг очкоси мавжуд.
Жаҳон рейтингида биринчи ўринда Магнус Карлсен бормоқда — 2841 очко. Иккинчи ўринда Фабиано Каруана — 2792, учинчи ўринда — Ҳикару Накамура, унда ҳам 2792 очко бор.
Шу тариқа, бирйўла икки нафар ўзбекистонлик шахматчи дунёнинг энг кучли беш нафар ўйинчиси қаторига кирмоқда.
FIDE рейтингининг июнь ойидаги топ 5 лиги:
- Магнус Карлсен — 2841
- Фабиано Каруана — 2792
- Ҳикару Накамура — 2792
- Жавоҳир Синдаров — 2777
- Нодирбек Абдусатторов — 2777.

Топ 100 ликка Нодирбек Ёқуббоев (40-ўрин, 2689), Рустам Қосимжонов (50-ўрин, 2665) ва Шамсиддин Воҳидов (89-ўрин, 2637) ҳам киради.
Синдаровнинг навбатдаги турнири 7−15 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган UzChess Cup бўлиши керак.
