• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Андижон вилоятида Soliq Mobile иловаси орқали 35,1 млрд сўм кешбэк талон-торож қилингани аниқланди



Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан Soliq Mobile иловаси орқали 35,1 млрд сўм маблағлар талон-торож қилингани аниқланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Терговга қадар текширувда 6 нафар фуқаро ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, уч нафар фуқаро номига бир нечта масъулияти чекланган компанияларни (МЧЖ) очгани аниқланган.

Хусусан, фуқаро Ў.Қ.нинг номига 3 та, фуқаро Н.Ю.нинг номига 5 та ва Р.Х.нинг номига 1 та МЧЖ ташкил этилган.

Ушбу МЧЖлар ўртасида ҳеч қандай молиявий алоқалар амалга оширилмаган бўлса-да, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда 2026 йилнинг март-апрель ойларида жами 1,1 трлн сўмлик маҳсулотлар етказиб берилганлиги ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилган.

Шундан сўнг, гўёки савдодан тушган пул маблағлари онлайн назорат касса машиналари орқали кирим қилиниб, фуқароларга сотилганлиги ҳақида харид чеклари чиқарилган.

Натижада жами 100 458 нафар фуқарога Soliq Mobile иловаси орқали кешбэк сифатида тўлаб берилган. Шу тариқа, 35,1 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.

Қайд этилишича, Андижон вилояти солиқ бошқармаси масъул шахслари ва бошқалар юқоридаги МЧЖлар томонидан жами 1,1 трлн сўмлик ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилганлиги ҳолатлари бўйича корхоналарнинг ҚҚС гувоҳномаларини бекор қилиш чораларини кўрмаган. Шунингдек шубҳали операциялар ҳақида департамент органларига хабар бермаган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича прокуратурага юборилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *