Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кимё саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор муҳим вазифалар белгиланди.
Таъкидланишича, Марказий Осиё ва МДҲ минтақасида маиший кимё маҳсулотлари учун 2 млрд долларлик бозор мавжуд бўлиб, Ўзбекистон ушбу имкониятлардан фаол фойдаланишни мақсад қилган.
Йиғилишда «Ангрен» эркин иқтисодий зонасидаги корхона мисол тариқасида келтирилди. Дунёга машҳур «Henkel» компанияси маҳаллий корхона билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, кейинчалик уни сотиб олган. Эндиликда корхона базасида Ҳамдўстлик давлатларига маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилмоқда.
Шу каби лойиҳаларни кўпайтириш мақсадида Тошкентдаги саноат зоналаридан бири маиший кимё ишлаб чиқарувчиларга ажратилади. Ишга туширилган корхоналарни тайёр бизнес сифатида хусусий секторга сотиш механизми асосида лойиҳаларга 50 млн доллар, ҳудудлардаги ташаббусларга эса 15 млн доллар йўналтирилади.
Мутасаддиларга маиший кимё соҳасида камида 100 та янги маҳаллий бренд маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. Бу ички бозорда рақобатни кучайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Таҳлилларга кўра, дунёда минерал ўғитлар бозори йилига ўртача 5 фоиз ўсиб, 2030 йилга бориб 260 млрд доллардан ошади. Айниқса, сувни тежовчи агротехнологиялар кенгайиши фонида сувда эрувчан ўғитларга талаб жадал ортмоқда.
Инвесторлар билан музокаралар натижасида:
Қашқадарёда йиллик қуввати 230 минг тонна бўлган 114 млн долларлик лойиҳа;
Сирдарё вилоятида 400 млн долларлик лойиҳа амалга оширилиши бўйича келишувларга эришилган.
Келгуси уч йилда кимё саноатида умумий қиймати 2,8 млрд долларлик 42 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада 2030 йилгача:
Азотли ўғитлар ишлаб чиқариш 2,8 млн тоннадан 4 млн тоннагача;
Фосфорли ўғитлар 400 минг тоннадан 900 минг тоннагача;
Сувда эрувчан ўғитлар 100 минг тоннадан 400 минг тоннагача оширилади.
Президент соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Шу мақсадда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида 60 гектар майдонда кимё саноати учун инновацион илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластери ташкил этилади.
Кластер доирасида Жанубий Корея билан ҳамкорликда Кимё технологиялари инновация маркази барпо этилиб, унда тажриба-синов харажатларининг 50 фоизигача қоплаб берилади.
Шунингдек, келгуси йил якунигача Тошкент кимё-технология институти ҳамда Менделеев номидаги кимё-технология университетининг Тошкент филиали ушбу кластер ҳудудига кўчирилади.