• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон аҳолиси 2050 йилга бориб 52 млн кишидан ошади — ЮНИСЕФ


ЮНИСЕФ Ўзбекистон учун демографик прогнозлар ва тавсиялардан иборат «Марказий Осиёда 2050 йил авлоди» ҳисоботини эълон қилди. Унда айтилишича, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг тез ўсаётган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Мамлакат аҳолиси 2000 йилдаги 25 миллиондан 2024 йилда 36 миллионга етган, 2050 йилга бориб эса 52 миллион кишидан ошиши прогноз қилинмоқда. Бироқ бу ўсиш фонида аҳоли таркибида муҳим ўзгаришлар юз бермоқда: туғилиш даражаси пасайиб, умр кўриш давомийлиги ортаётгани сабабли жамият босқичма-босқич қариб бормоқда.

ЮНИСЕФ таҳлилига кўра, ҳозир Ўзбекистон демографик дивиденднинг илк босқичида турибди. Яъни меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг ортиши иқтисодий ўсиш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда. Хисоботда бу имкониятлар ойнаси абадий эмаслигини, аҳоли қариши кучайишидан олдин таълим, бандлик ва инсон капиталига сармояларни кўпайтириш муҳимлигини таъкидламоқда.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон янги демографик босқичга кирмоқда: аҳоли нисбатан ёш бўлса-да, унинг ёш таркиби муттасил етилиб, кексайиб бормоқда. 2000−2050 йиллар оралиғида Ўзбекистон аҳолисининг таркиби босқичма-босқич етуклашиб боради. Кекса ёшдаги аҳоли улуши кескин ортиб, ёшлар гуруҳларининг ўсиши секинлашмоқда, бу эса жамиятнинг қаришига олиб келувчи демографик ўтиш жараёнини яққол кўрсатади.

2024 йилга келиб, Ўзбекистон аҳолиси 36 миллион кишига етди, уларнинг 11,3 миллионини 15 ёшгача бўлган болалар, 23,9 миллионини меҳнатга лаёқатли ёшдаги (15−64 ёш) аҳоли ва 2,2 миллионини 65 ва ундан катта ёшдагилар ташкил этди. Прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 33 миллиондан ошади, кекса ёшдагилар сони эса уч баробарга кўпайиб, 6 миллион кишидан ортади. Болалар сони эса 16 миллион атрофида барқарорлашиши кутилмоқда, бу ёш таркибида жиддий ўзгаришлар юз бераётганидан далолат беради (1-расм).

«Бу ўзгаришлар Ўзбекистон аҳолисининг умумий ўсиш суръатларида ҳам акс этмоқда. Аҳолиси 2000 йилда 25 миллион кишидан 2025 йилда 37 миллион кишига етган мамлакат Марказий Осиёдаги энг юқори демографик ўсиш суръатларидан бирини барқарор равишда намоён этмоқда», — дейилдаи ҳисоботда. Прогнозлар Ўзбекистон аҳолиси 2030 йилга келиб 40 миллиондан ошишини ва 2050 йилда 52 миллионга етишини кўрсатади (2-расм).

Асосий омил табиий ўсиш — яъни туғилишнинг ўлим кўрсаткичидан доимий равишда юқори бўлиши — бўлиб қолаётган бўлса-да, туғилиш даражасининг пасайиши ва аҳолининг қариши сабабли ўсиш суръати аста-секин пасайиб боради.

op, аҳоли, демографик двидент, демография, юнисеф

Аҳолининг ўртача ёшининг ортиши бу демографик ўтишни янада яққолроқ кўрсатади. 2000 йилда Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши атиги 20 ёшни ташкил этган, бу болалар ва ўсмирлар улуши катталигини акс эттиради. 2024 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб 30 ёшга, 2050 йилга бориб эса 35 ёшга етиши кутилмоқда. Ушбу барқарор ўсиш мамлакат демографик қиёфасининг икки хил хусусиятини таъкидлайди: бир томондан, у ўсиш суръатини сақлаб қолиш учун етарлича ёш, иккинчи томондан эса аста-секин етукликка ўтиб бормоқда.

Ҳисоботда таъкидланишича, глобал тенденциялар билан таққослаганда, Ўзбекистон юқори даромадли мамлакатларга қараганда ёшроқ бўлиб қолади ва бошқа ўрта даромадли мамлакатлар билан деярли бир хил кўрсаткичга эга бўлади. Бу эса қариш жараёни тезлашгунга қадар демографик дивиденддан фойдаланиш учун узоқроқ имкониятлар даврини тақдим этади (3-расм).

op, аҳоли, демографик двидент, демография, юнисеф

Туғилиш ва умр кўриш давомийлигидаги ҳозирги тенденцияларни инобатга олсак, Ўзбекистоннинг демографик имкониятлар дарчаси абадий очиқ қолмайди, дейилади ҳисоботда. Мамлакат муҳим бир босқичда турибди: болалар ҳали ҳам аҳолининг учдан бир қисмидан кўпроғини ташкил қилса-да, туғилиш даражасининг пасайиши ва кексайгунча яшаш кўрсаткичининг ортиши билан уларнинг умумий аҳолидаги улуши аста-секин камайиб бормоқда.

2024 йилда Ўзбекистоннинг 36 миллионлик аҳолисининг 13,1 миллион нафарини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этган бўлса-да, бу мувозанат ўзгармоқда. 2050 йилга бориб Ўзбекистонда болалар сони тахминан 16,4 миллионга, умумий аҳоли сони эса 52 миллионга етиши кутилмоқда. Шундай қилиб, болалар аҳолининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади, бу эса аввалги ўн йилликларга нисбатан аниқ пасайиш демакдир.

Ҳисоботда айтилишича, ушбу демографик силжиш оила тузилмаларига таъсир қилади, таълимга бўлган эҳтиёжларни ўзгартиради ва меҳнат бозорига кириб келувчилар сонини босқичма-босқич чеклаб, ёшлар устунлик қиладиган демографик давр якунланаётганидан дарак беради. Бу ўтиш даври ҳам имкониятлар, ҳам қийинчиликларни юзага келтиради: яқин истиқболда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳолининг кўпайиши иқтисодий ўсишга туртки бериши мумкин, бироқ узоқ муддатда аҳолининг қариши боғлиқлик коэффициентини оширади. Бу эса тараққиёт ютуқларини барқарор сақлаб қолиш учун таълим, бандлик ва ижтимоий ҳимояга истиқболли сармоялар киритишни тақозо этади.

Ўзбекистонда демографик дивиденд истиқболлари

«Демографик дивиденд» атамаси меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли умумий аҳоли таркибида мутаносиб равишда каттароқ улушни ташкил этганда эришиш мумкин бўлган иқтисодий ўсиш салоҳиятини англатади. Бу ҳолат демографик ўтиш даврида, яъни туғилиш ва ўлим даражасининг пасайиши аҳолининг ёш таркибини ўзгартирганда юзага келади.

Ҳар йили туғилишлар сони камайгани сари, қарамоғдаги болалар сони меҳнатга лаёқатли аҳолига нисбатан камаяди. Бу ўзгариш ҳар бир ишчига тушадиган юкламани камайтириб, иқтисодий ўсишни тезлаштириши мумкин бўлган жамғарма, истеъмол, инвестиция ва унумдорликнинг ортишига имкон беради.

Ҳисоботда демографик дивиденд учун имкониятлар даври айнан шу демографик ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқлиги айтилади. Гарчи бу давр қачон бошланиши ёки тугаши ҳақида қатъий мезонлар мавжуд бўлмаса-да, у одатда туғилиш даражасининг барқарор пасайиши фонида меҳнатга лаёқатли аҳоли улуши орта бошлаганда юзага келади ва аҳоли қариши натижасида қарамоғдаги кексалар улуши ортиши билан қисқаради. Бу ерда мослаштирилган Жаҳон банки типологияси мамлакатларни демографик босқичига кўра икки кўрсаткич, яъни меҳнатга лаёқатли аҳоли улуши ва туғилиш даражаси асосида таснифлайди.

op, аҳоли, демографик двидент, демография, юнисеф

Дивидендгача бўлган даврдаги мамлакатлар: Булар меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сони ошаётган, аммо туғилиш даражаси юқорилигича (ҳар бир аёлга тўрт ёки ундан кўп туғруқ тўғри келади) қолаётган мамлакатлардир. Ўзбекистон XX асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1990 йилларнинг бошларигача туғилиш даражаси 4,0 дан юқори бўлган даврда, айни шу тоифага кирар эди.

Илк дивиденд давридаги мамлакатлар: Булар туғилиш даражаси ҳар бир аёлга тўртта туғруқдан кам бўлган ва меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сони ортиб бораётган мамлакатлардир. 2015 йилга келиб туғилиш даражаси 4,0 дан тахминан 2,6 гача пасайиши ва демографик юклама коэффициентларининг камая бошлаши билан Ўзбекистон бу босқичга 2000 йилларнинг бошларида кирди. 2025 йилда туғилиш даражаси ҳар бир аёлга 3,45 тани ташкил этиши ва 2050 йилга бориб 2,55 гача пасайиши кутилаётганини ҳисобга олсак, бугунги кунда мамлакат илк дивиденд босқичида мустаҳкам турибди.

Кечки дивиденд босқичидаги мамлакатлар: Бу мамлакатларда, одатда, аҳолининг қариши тезлашгани сайин меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли улуши камая бошлайди. Прогнозларга кўра, Ўзбекистон ушбу босқичга 2040 йилларнинг ўрталарига келиб, яъни туғилиш даражаси авлодлар алмашинувига яқинлашганда (2045 йилда тахминан 2,6) ва кекса ёшдаги аҳоли сони 2050 йилга бориб 6 миллион кишидан ошганда киради. Гарчи болалар ҳисобига демографик юк пастлигича қолса-да, кекса ёшдагилар ҳисобига демографик юк тез ўсади ва бу демографик имкониятлар дарчасини торайтиради.

Дивиденддан кейинги босқичдаги мамлакатлар: Ушбу босқичдаги мамлакатларда туғилиш даражасининг авлодлар алмашинувидан паст даражада барқарорлашуви, меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг қисқариши кузатилади ва кекса ёшдагилар ҳисобига демографик юкнинг ортиши асосий демографик хусусиятга айланади. Прогнозларга кўра, Ўзбекистон бу босқичга 2050 йилларнинг охирига келиб, яъни туғилиш даражаси 2,5−2,6 атрофида барқарорлашганда, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони қисқара бошлаганда ва кекса ёшдагилар ҳисобига демографик юк кескин ортганда етади.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг демографик дивиденди вақт билан чекланган: дастлабки дивиденд даври ҳозирги кундан бошлаб 2030 йилларгача бўлган вақтни қамраб олади, кечки дивиденд аср ўрталаригача давом этади, дивиденддан кейинги давр асрнинг иккинчи ярмида бошланади. Демак, аҳолининг қариши белгиловчи демографик воқеликка айланмасидан олдин мамлакат ўзининг демографик устунлигидан унумли фойдаланиш учун инсон капитали ривожига сармоя киритиши зарур бўлган йигирма йиллик ўта муҳим вақтга эга.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *