Миграция агентлигининг комплаенс хизмати билан ҳамкорликда фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ қатор фирибгарлик ҳолатлари фош этилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Департаментнинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда аниқланишича, гумонланувчилар фуқароларнинг ишончига кириб, уларни гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари ёки агентлик ходимлари орқали хорижга юборишни ваъда қилган.
Хусусан:
Қашқадарё вилояти: Косонда «И.А.» МЧЖ раҳбари С.Б. 48 нафар фуқарога Кореядан иш топиб беришни ваъда қилиб, жами 384 минг доллар сўраган ва шундан 28,8 минг долларини фирибгарлик билан олган. Пуллар ҳисобидан 5 млн сўмнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Қарши шаҳрида С.Б. исмли шахс 2 нафар фуқародан 21,5 млн сўм ва 600 доллар, Китоб туманида эса Н.Р. ва Р.Қ. исмли шахслар бир фуқародан 6,6 минг доллар олгани аниқланган.
Сурхондарё вилояти Шеробод туманида фуқаро С.А. 2 нафар шахсни миграция агентлигидаги танишлари орқали чет элга юбориш эвазига 24 минг долларни қўлга киритган.
Навоий вилоятида фуқаро Б.Н. 3 нафар шахснинг ишончига кириб, улардан жами 22,2 минг доллар пул олган.
Фарғона вилояти: Туманда муқаддам судланган М.А. ва унинг шериги Ш. Т. 3 нафар фуқарони 33 минг доллар эвазига Кореяга юборишни ваъда қилиб, 22 минг долларини олган. Пулдан 1200 долларининг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Фарғона шаҳрида эса М.Ф. 2 нафар фуқародан худди шундай ваъда билан 6 минг доллар олган, 200 долларнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Бухоро вилояти Жондор туманида фуқаро К.Қ. 3 нафар шахсдан жами 19 минг долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. 2 млн сўмнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Наманган вилояти: Чортоқда Х.Ш. исмли шахс 2 нафар фуқарони Кореяга юбориш ва имтиҳонлардан ўтказиб қўйиш эвазига 19 минг доллар, Учқўрғонда эса Б.К. бир фуқародан 9 минг доллар олган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ҳамда 25, 211-моддалари (Пора беришга суиқасд қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Миграция агентлиги ва бандлик агентликларининг собиқ мутасаддиларидан иборат уюшган гуруҳни аниқланганди. Хусусан, бир ҳолатда гумонланувчилар Кореяга ишга юбориш эвазига ноқонуний 90 млн доллар пул олган. Ҳозирда 800 дан ортиқ жабрланувчи мурожаати ўрганилмоқда.
Шу хабарлар фонида Миграция агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи Азизбек Тоштемиров Ўзбекистон томонидан Интерпол орқали қидирувга берилгани маълум бўлди. Унинг исми «қизил билдиришномалар» рўйхатида пайдо бўлди. Қидирув карточкасида кўрсатилишича, Тоштемиров фирибгарликда айбланмоқда.