Сурхондарё вилоятининг Узун туманида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёшлар бошқарувидаги Damas ва Nexia иштирокида содир бўлган ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИБ ЙҲХХ хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 28 май куни соат 23:50 ларда Узун тумани Чақар маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Д-169 автомобиль йўлининг 132-километрида содир бўлган.
17 ёшли ўсмир тўрт нафар тенгқури билан бирга Damas русумли автомобилни бошқариб кетган. Шу вақтда у ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган 20 ёшли танишининг Nexia автомобили билан «ким ўзарга» ҳаракат қилгани айтилмоқда. Nexia ҳайдовчиси ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган.
Оқибатда икки автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ҳодиса оқибатида Damas автомобилини бошқарган вояга етмаган ҳайдовчи ҳамда Nexia автомобилидаги йўловчилардан бири вафот этган. Улардан бири воқеа жойида вафот этган, яна бири шифохонада ҳаётдан кўз юмган. Қолган иштирокчилар турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига етказилган.
Ҳодиса юзасидан ички ишлар органлари томонидан текширув ишлари олиб борилган. Шунингдек, марҳумлар истиқомат қилган маҳаллада кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама ўтказилган. Унда қайд этилишича, ҳалок бўлган ўсмир аввал ҳам мазкур автомобилни ҳайдаб юрган. Маҳалла аҳолиси ва қариндошлари унинг автомобиль бошқариб юришини кўриб турганини айтган. Муҳокамада бундай ҳолатларда жамоатчилик назорати муҳимлиги таъкидланган.
Аввалроқ Қўқон шаҳрида вояга етмаган ҳайдовчи бошқарувидаги Malibu 2 пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган уч қизчани уриб юборган эди. Ҳодиса оқибатида 10 ёшли қизча шифохонада вафот этган.
