Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқи томонидан мамлакат ҳудудида бошпана олиш рад этилган мигрантлар учун махсус марказлар ташкил этилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этди.
Аввалроқ Politico нашри Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари бошпана бериш рад этилган мигрантларни жойлаштириш учун ЕИ ҳудудидан ташқарида марказлар ташкил этиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Нашр манбаларига кўра, эҳтимолий ҳамкор давлатлар қаторида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам тилга олинган.
Мақолада қайд этилишича, Нидерландия, Австрия, Дания, Германия ва Греция мигрантларни қайтариш марказлари ҳамда бошпана сўровларини кўриб чиқиш марказларини Европа Иттифоқидан ташқарида ташкил этиш ғояси устида ишламоқда. Бундай ташаббусда иштирок этишга рози бўлган мамлакатларга ривожланиш бўйича ёрдам ёки виза тартибини енгиллаштириш таклиф қилиниши мумкинлиги айтилган.
ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиев Gazeta`га маълум қилишича, мамлакат ҳудудида Европа Иттифоқидан чиқариб юборилаётган мигрантлар учун марказлар жойлаштирилиши режалаштирилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
«Ҳозирги вақтда мазкур масала юзасидан Европа Иттифоқи муассасалари билан музокаралар олиб борилмаяпти ва бундай музокаралар режалаштирилмаган», — деди у.
Қозоғистон ТИВ вакили Ерлан Жетибаев ҳам мамлакатда ЕИдан қайтарилаётган мигрантлар учун махсус марказлар ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этди. Унинг айтишича, ҳозирда Европа томони билан фақат виза режимини енгиллаштириш ва реадмиссия тўғрисидаги битим муҳокама қилинмоқда. Унга кўра, республика мамлакатни ноқонуний тарк этган ўз фуқароларини қайтариб қабул қилиш мажбуриятини олади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон ва ЕИ Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Ўша пайтда бу томонлар ўртасида қайта қабул қилиш ва визаларни соддалаштириш бўйича музокаралар учун эшик очгани таъкидланган эди.
ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ноябрь ойида Gazeta’га берган интервьюсида келажакда виза тартибини соддалаштириш бўйича музокаралар бошланиши мумкинлигини айтганди. У бу масаланинг олдинга силжиши Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланишига ва Ўзбекистон фуқароларининг ЕИ мамлакатларида виза қоидаларига риоя қилишига боғлиқлигини таъкидлади.
2025 йил декабрида эса Ўзбекистон ТИВ Еврокомиссиянинг ички ишлар ва миграция мутахассислари билан биринчи босқич консультацияларини ўтказган эди. Меҳнат мигрантлари, талабалар, тракчилар ва туристик гуруҳлар учун виза тартибини соддалаштириш имкониятлари, ушбу масалани ЕКга кўриб чиқиш учун тақдим этиш шартлари кўриб чиқилган.