• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш лойиҳасида 643 млрд сўм ўзлаштирилгани аниқланди


Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти 643,2 млрд сўм (53,9 млн доллар) бюджет маблағлари ўзлаштирилганини аниқлади, дея хабар берди идора матбуот хизмати.

Терговга қадар текширув Солиқ қўмитасининг Комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган.

Департамент маълумотларига кўра, Солиқ қўмитаси, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси, «Ўзбекнефтгаз» давлат компанияси, «Sh.G.» МЧЖ, «S.E.» МЧЖ ҚК, «А.» МЧЖ ҳамда «E.E.» МЧЖ ҚКнинг Ўзбекистондаги доимий муассасасининг масъул шахслари ўзаро тил бириктирган.

Терговнинг қайд этишича, улар ҚҚСдан озод қилинган бўлишига қарамай, Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаси доирасида кўрсатилган 5,3 трлн сўмлик хизматлар бўйича электрон ҳисобварақ-фактураларга ҚҚС суммасини ноқонуний равишда қўшиб ёзган.

Оқибатда бюджетда ҚҚС суммаси асоссиз равишда шакллантирилган. Идора маълумотига кўра, ушбу маблағлар «А.» МЧЖ ҳисоб рақамига қайтарилган, шунингдек, «S.E.» МЧЖ ҚКнинг давлат олдидаги кредиторлик қарзларини тўлашга йўналтирилган.

Департаментнинг билдиришича, шу тариқа 643,2 млрд сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» ва Давлат активларини бошқариш агентлигида кенг кўламли текширув ўтказилгани, унинг сўзларига кўра, текширув давомида «миллиардлаб сўмлик ўғриликлар» аниқлангани ҳақида маълум қилганди. ОАВ «Ўзбекнефтгаз»нинг собиқ раҳбари Баҳодир Сиддиқов ҳибсга олинганини ёзганди.

27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда давлат раҳбари ушбу тузилмаларда «кўп йиллар давомида коррупция авж олганини» айтиб, Давлат хавфсизлик хизматига «Ўзбекнефтгаз» ва агентлик фаолиятини назорат қилган ходимларнинг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқишни топширди. Шунингдек, президент давлат мулкини сотиш билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни синчиклаб текшириш, коррупсиявий схемаларни фош этиш ва жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб қилди.

Лойиҳа ҳақида

Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаси 2017 йилда президент қарори билан маъқулланган эди. У Uzbekistan GTL заводида ишлаб чиқариладиган синтетик нафтани чуқур қайта ишлаш ҳисобига полиэтилен ишлаб чиқаришни йилига 125 минг тоннадан 405 минг тоннага ошириш ва қуввати 100 минг тоннагача бўлган полипропилен ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни назарда тутган.

2021 йил декабрь ойида GTL заводи ишга туширилгач, президент Шўртан газ-кимё мажмуаси қувватини уч баробарга ошириш учун янги мажмуа қурилишига старт берди. Лойиҳа қиймати 1,84 млрд долларга баҳоланиб, унинг 629 млн доллари «Ўзбекнефтгаз»нинг ўз маблағлари, яна 1,21 млрд доллари эса хорижий кредитлар ҳисобидан бўлиши керак эди.

2023 йилда Gazeta бўлажак мажмуанинг технологик ускуналарини Saneg лойиҳаси — МТО газ-кимё мажмуаси билан интеграция қилиш учун Бухоро вилоятининг Қоракўл туманига кўчириш таклиф этилаётганини ёзганди. Бу ҳолатда «Ўзбекнефтгаз» лойиҳа устидан назоратни йўқотиб, Арк Чемиcал қўшма корхонасида 40 фоиз улуш олган, Saneg улуши эса 60 фоизни ташкил этиши керак эди. МТО газ-кимё мажмуасининг бош пудратчиси Enter Engineering компанияси бўлган.

«Ўзбекнефтгаз»нинг собиқ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев ушбу ташаббусга ва лойиҳани Бухоро вилоятига кўчиришга қарши чиққан, бироқ шунга қарамай, лойиҳа амалга оширилган.

Рақобатни ривожлантириш қўмитаси 2023 йилда Sanoat Energetika Guruhi Enera’га (Saneg Enera) нисбатан иш очиб, «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасини бузгани учун БҲМнинг 1000 баравари миқдорида жарима тайинлаганди. Маълумотларга кўра, бунга компаниянинг қўмита розилигисиз Ark Chemical устав фондидаги улушни сотиб олгани асос бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Saneg Enera, Enter Engineering, Eriell ва бошқа компаниялар тадбиркор Бахтиёр Фазиловга тегишли. Аввалроқ ҳукумат иш ҳақи бўйича қарздорликни (тахминан 131 млн доллар), шунингдек, бюджет ва банклар олдидаги мажбуриятларни қоплаш учун Enter Engineering, Eriell ва Saneg активларини сотишни режалаштираётгани маълум бўлганди. МТО ГКМ, Бухоро аэропорти, Тебинбулоқ ва Фарғона НҚИЗ каби йирик лойиҳаларга янги инвесторларни жалб қилиш режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *