Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ўзини каналга ташлаган вояга етмаган қизнинг ҳаёти сақлаб қолинди, дея хабар қилди вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси.

Маълум қилинишича, туман Экология бўлими инспекторлари навбатдаги рейд тадбирини ўтказаётган вақтда ҳудуддан оқиб ўтувчи Аччиқкўл канали устидаги кўприкдан қизнинг сувга сакраганини кўриб қолган.

Қайд этилишича, қиз ўз жонига қасд қилиш мақсадида каналга сакраган. Ҳодисани тахминан 200 метр масофадан пайқаган экологик назорат инспекторлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, уни сувдан олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Шундан сўнг қизга биринчи ёрдам кўрсатилган, тегишли хизматлар ҳамда унинг яқинларига хабар берилган.