Ўзбекистонда маиший кимё йўналишида яна камида 100 та бренд маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича дастур ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2 июнь куни кимё саноатини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Расмийлар ҳисоб-китобига кўра, мамлакатга ҳар йили 300 миллион долларлик маиший кимё маҳсулотлари импорт қилинади. Минтақада ушбу маҳсулотлар бозорининг ҳажми эса 2 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Бунга мисол тариқасида «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган ва дунёга машҳур Henkel компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган тадбиркор келтириб ўтилди.
Ҳозирда Henkel ушбу корхонани сотиб олган бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни МДҲ мамлакатлари бозорига етказиб беришни режалаштирмоқда.
Бундай лойиҳалар сонини кўпайтириш мақсадида Тошкентдаги саноат зоналаридан бирининг майдонлари маиший кимё лойиҳалари учун ажратилади.
Бундан ташқари, ишга туширилган корхоналарни кейинчалик тайёр даромадли бизнес сифатида бренди билан бирга хусусий секторга сотиш шарти билан лойиҳаларга 50 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган.
Бошқа ҳудудлардаги шу каби лойиҳаларга эса Саноат кооперацияси жамғармасидан 15 миллион доллар ажратилади. Умуман олганда, масъул шахсларга маиший кимё соҳасида камида 100 та янги бренд остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Таҳлилларга кўра, дунёда уларга бўлган талаб йилига 5 фоизга ўсиб бормоқда ва 2030 йилга бориб 260 миллиард доллардан ошади. Айниқса, янги агротехнологиялар жорий этилиши ҳисобига сувда эрувчан ўғитларга эҳтиёж тез суръатлар билан ортмоқда.
Инвесторлар билан олиб борилган музокаралар якунлари бўйича Қашқадарё вилоятида қиймати 114 миллион доллар, йиллик қуввати 230 минг тонна бўлган лойиҳани ҳамда Сирдарё вилоятида қиймати 400 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Умуман олганда, соҳа масъуллари ва ҳокимлар олдига яқин уч йилда қиймати 2,8 миллиард долларлик 42 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 2030 йилгача азотли ўғитлар ишлаб чиқаришни 2,8 миллион тоннадан 4 миллион тоннага, фосфорли ўғитларни 400 минг тоннадан 900 минг тоннага, сувда эрувчан ўғитларни эса 100 минг тоннадан 400 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Бундан аввал давлат раҳбари кимё тармоғи маҳсулотлари ички талабнинг ҳатто 60 фоизини ҳам қопламаётгани, импорт ҳажми эса йилига 4,5 миллиард долларга етганини таъкидлаган эди. Президент «Навоийазот» корхонаси яқинида қиймати 1 миллиард долларлик кичик тоннажли кимё йўналишидаги 10 та лойиҳани ишга тушириш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, минерал хомашёни чуқур қайта ишлаш лойиҳалари ҳам режалаштирилмоқда.
