• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда ёшларга бизнес бошлаш учун 2 млрд сўмгача кредит берилади


Ўзбекистонда талаба ва ёшларга бизнес бошлаш учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Бу 1 июнь куни имзоланган президентнинг «Тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Қарорда «Алоқабанк» томонидан «Ёшлар бизнеси» дастури доирасида хизмат кўрсатиш (сервис) ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги, шу жумладан, қуйидаги йўналишларда кредит маҳсулотлари бўйича ўттиз бир ёшга тўлмаган жисмоний шахсларга асосий қарздан 1 йилгача, фоиз тўловларидан 3 ойгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга кредит (микроқарз)лар Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратиш қўзда тутилган.

Суғурта полиси таъминоти ёки учинчи шахс кафиллиги асосида 100 миллион сўмгача имтиёзли микроқарзларни қуйидаги лойиҳалар бўйича ажратилади:

  • ёшларнинг хорижий тил ва рақамли технологияларни ўрганиши ҳамда замонавий касб-ҳунарни эгаллаши бўйича ўқиш харажатларини молиялаштириш учун — 20 миллион сўмгача;
  • замонавий касблар, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар маркетинги, мобилография, фрилансерлик, интернет (онлайн) дўконлар ташкил этиш ва ўзини ўзи банд қилиш фаолият турига мос лойиҳалар учун — 50 миллион сўмгача;
  • касаначилик, тўқимачилик маҳсулотларини тайёрлаш, тикувчилик ва бошқа маҳсулотларни иккиламчи қайта ишлаш ва (ёки) сотиш, улардан янги маҳсулотлар тайёрлаш лойиҳалари учун — 50 миллион сўмгача;
  • новвойчилик ва ширинликлар тайёрлаш ҳамда сотиш лойиҳаларга — 100 миллион сўмгача.

Мол-мулк гарови асосида 300 миллион сўмгача кредитларни қуйидаги лойиҳалар бўйича ажратилади:

  • сайилгоҳ, туристик маскан, гастрономик кўча ва бошқа жамоат жойларида кўчма ёки енгил конструкцияли шохобча ва нуқталарни ташкил этиш, уларга жиҳоз ва воситаларни харид қилиш учун — 200 миллион сўмгача;
  • автотранспорт воситаларида йўловчиларни ташиш ва юкларни етказиб бериш лойиҳалари учун — 300 миллион сўмгача.

«Ёшлар бизнеси» дастурининг «Ёшлар учун иш ўринлари» лойиҳаси бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларга 7 йилгача муддатга, асосий қарз тўловларидан 2 йилгача имтиёзли давр билан Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада қуйидагиларга:

  • лойиҳа хусусиятидан келиб чиқиб, ишсиз ёшлар учун камида иккита иш ўрни яратадиган якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритувчи ёш фуқароларга — 2 миллиард сўмгача;
  • лойиҳа хусусиятидан келиб чиқиб, ҳар бир миллиард сўм қийматгача бўлган маблағ учун камида икки нафар ишсиз ёшни ишга қабул қилиш шарти билан юридик шахсларга — 10 миллиард сўмгача;
  • 1000 тадан ортиқ иш ўрни яратган франчайзинг тармоқларини кенгайтириш учун тадбиркорларга 10 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади.

«Алоқабанк»нинг ёшларнинг инновацион стартап лойиҳалари учун бошланғич босқичда 100 минг АҚШ долларигача инвестиция киритиш таклифи маъқулланди.

«Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан «Келажакка қадам» дастури доирасида «Келажак тадбиркори» лойиҳаси амалга оширилади ва лойиҳа хусусиятидан келиб чиқиб қўйидаги кредит маҳсулотлари бўйича йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 1 фоизлик пункт юқори ставкада кредитлар ажратилади.

Бизнес ғояларини амалга ошириш истаги бўлган ўттиз бир ёшга тўлмаган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари ҳамда ёшларга — 2 миллиард сўмгача, хусусан:

  • ўзини ўзи банд қилган ва бизнесга илқ қадам қўймоқчи бўлган талаба ва ёшларга 6 ой имтиёзли давр билан 18 ойгача гаровсиз 20 миллион сўмгача;
  • зарур бизнес кўникмага эга бўлиб, тадбиркорлик субъекти сифатида мустақил бизнес бошламоқчи бўлган талаба ва ёшларга 1 йил имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 300 миллион сўмгача;
  • тадбиркорлик субъекти сифатида мустақил бизнес бошлаган ва фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилган талаба ва ёшларга 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан 2 миллиард сўмгача.

Талаба ва ёшларни иш билан таъминлаган тадбиркорлик субъектларига 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йил муддатга — 10 миллиард сўмгача, бунда:

  • мазкур имтиёзли кредит тадбиркорлик субъектларига ҳар икки миллиард сўм қийматгача бўлган маблағ учун камида икки нафар талаба ёки ёшларни ишга қабул қилиш шарти билан ажратилади;
  • имтиёзли кредит ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларга асосий воситалар сотиб олиш ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилади.

Тадбиркорлик субъекти унинг имтиёзли кредит олишига сабаб бўлган ишсиз ёш (лар) ўртасида икки йил давомида меҳнат шартномаси бекор бўлган тақдирда, кредит фоизи меҳнат шартномаси бекор бўлган санадан тижорат ставкасига ўзгартирилади, бундан ушбу ходим (лар) ўрнига бир ой муддатда бошқа ишсиз ёш (лар) ишга қабул қилинган ҳоллар мустасно.

Ишсиз ёш (лар)ни иш билан таъминлашда меҳнат шартномасида иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаслиги назарда тутилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *