Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган офис биносини сотувга қўйди. Бу E-auksion платформасидаги маълумотлардан келиб чиқади.
Объект «Мирзо Улуғбек» метро бекати яқинида, «Бунёдкор» стадиони рўпарасида жойлашган. Кўрсатилган манзилда (Бунёдкор шоҳкўчаси, 23-уй) айни пайтда «Иссиқлик электр станциялари» (ИЭС) давлат компанияси фаолият юритмоқда.
Қўшимча қурилишлари бўлган тўққиз қаватли ушбу бинонинг ички майдони 7620 кв. метрни ташкил этади. Атрофидаги ер майдони билан ҳисоблаганда, ҳудуднинг умумий майдони — 0,46 гектарга тенг.
Бино сув қувури, канализация ва электр тармоғи билан таъминланган. Газ таъминоти мавжуд эмас.
Объектнинг бошланғич баҳоси 191,53 млрд сўмни ташкил этади. Савдолар 2 июль куни соат 10:00 га белгиланган.
Лот Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 мартдаги давлат органлари биноларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорига (очиқ манбаларда мавжуд эмас) мувофиқ сотувга қўйилган.
Объект сотилгандан сўнг, балансда сақловчи ташкилот ушбу бинони 3 йил ичида бўшатиб бериш мажбуриятини олади. Шу билан бирга, агар фойдаланувчи учун Янги Тошкент шаҳридаги маъмурий бино муддатидан олдин қуриб битказилса, объект харидорга белгиланган муддатдан вақтлироқ топширилади. Харидор объектдан фойдаланиш ҳуқуқини у топширилгандан кейин қўлга киритади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Hamkorbank Тошкент марказидаги Қурилиш вазирлиги биносини 196 млрд сўмга сотиб олган эди.
Бундан ташқари, президент фармонига кўра, 1 июлдан бошлаб Ўзбекистоннинг 15 та шаҳар ва туманидаги барча давлат органлари битта кўп қаватли бинога кўчирила бошланади. Бўшаган бинолар эса тадбиркорларга аукцион орқали сотилади.