Самарқандда ўтаётган Eco Expo 2026 кўргазмаси доирасида Қуйи Амударё ҳавзаси учун сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш (СРИҲБ) режаси консепсияси имзоланди. Бу ҳақда Gazeta`га ташкилотчилар маълум қилди.

Ҳужжатни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раҳбари ўринбосари Жусипбек Казбеков, сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпулатов ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров имзолади.

Мазкур ҳужжат мамлакатнинг экологик ва иқлим ўзгаришларига энг заиф ҳудудларидан бири — Оролбўйида сув ресурсларини комплекс бошқариш учун асос бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.

амударё, орол денгизи минтақаси, сув хўжалиги

Концепция Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамда Глобал экологик жамғарма билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Aral Sea Wetlands лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.

Режа сув ресурсларини анъанавий маъмурий бошқаришдан гидрографик, яъни ҳавза тамойилига ўтиш имконини беради. Унда сувдан фойдаланувчиларнинг барчаси, экотизимлар ҳолати ва узоқ муддатли иқлим хавф-хатарлари инобатга олинган ҳолда, бутун дарё ҳавзаси миқёсида сув ресурсларидан фойдаланишни режалаштириш кўзда тутилган. Келажакдаги ушбу режа сув ресурсларини янада самарали тақсимлаш, қишлоқ хўжалиги, коммунал соҳа, энергетика, балиқчилик ва маҳаллий жамоалар эҳтиёжларини ҳисобга олиш, шунингдек, сувдан фойдаланиш бўйича эҳтимолий низолар хавфини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Навбатдаги босқичда СРИҲБ режасининг ўзи ишлаб чиқилади. Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари ҳамда Қорақалпоғистоннинг Амударё ва Мўйноқ туманлари синов ҳудудлари этиб белгиланди. Ушбу ҳудудларда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сув ҳисобини рақамлаштириш ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнига фермерлар ва маҳаллий жамоаларни жалб этиш механизмларини йўлга қўйиш режалаштирилган.

амударё, орол денгизи минтақаси, сув хўжалиги

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, лойиҳа Орол денгизи ҳавзаси экотизимларини тиклаш, сув-ботқоқли ерларни асраб қолиш ҳамда минтақанинг иқлим ўзгариши оқибатларига чидамлилигини оширишга қаратилган.