• Ср. Июн 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Биз суперқаҳрамон либосидамиз, ҳақиқий қаҳрамонлар — болалар». Суперқаҳрамонлар кийимидаги альпинистлар Болалар онкология маркази беморларини йўқлади


Болалар онкологияси, гематологияси ва клиник иммунологияси марказининг айрим кичик беморлари 1 июнь куни эрталаб соат бешданоқ уйғоқ эди. Ҳамширалар уларни: «Бугун сизларни кўриш учун суперқаҳрамонлар келади», — дея олдиндан огоҳлантирган.

Тиббиёт муассасаси ҳовлисида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилган байрам соат 10:00 да бошланди. Шифокорлар рухсат берган беморлар дарҳол тадбир марказидан жой олди. Ҳозирги болаларга яхши таниш бўлган Лабубу, Куроми ва Мелоди қаҳрамонлари либосидаги аниматорлар улар билан ўйнаб, қувноқ мусиқа садолари остида рақсга тушди.

Бу вақтда эса ёзги қуёш қиздириб турган асосий корпус томида саноат альпинистлари ўз чиқишига тайёргарлик кўраётганди. Ердан кўринмайдиган жойда улар диққат билан тугунлар боғлаб, анкер нуқталарини маҳкамлар, карабинларни қайта-қайта текширишарди. Техник тайёргарлик якунлангач, навбат ижодий қисмга — ўз қиёфасини ўзгартиришга келди. Зич синтетик матодан тикилган суперқаҳрамонлар либослари тахминан 10 килограмм келадиган хавфсизлик жиҳозлари устидан кийилди.

Ниқобларини тўғрилаб олган саккиз нафар қаҳрамон — Ўргимчак одам, Супермен, Бэтмен, Темир одам, Америка капитани, Росомаха, Дэдпул ва космонавт том четига яқинлашди ва шу заҳотиёқ байрам иштирокчилари эътиборини ўзига қаратди. Болалар суперқаҳрамонларнинг саломига қувонч билан жавоб қайтариб, уларга қўл силкий бошлади. Бу манзара Голливуд фильмларидан олинган кадрларни эслатарди.

Арқонларга суяниб, эпчиллик билан ҳаракат қилган ҳолда улар бино фасади бўйлаб пастга тушишни бошлади. Ҳовлидаги болалар, айрим ота-оналар ва ҳамширалар ҳам шу лаҳзаларда корпус деворларига яқинлашди. Улар бошларини кўтарганча севимли қаҳрамонларини исмлари билан чақириб, тинмай қўл силкишарди. Палаталардаги кичик беморлар эса ойналарга юзланиб олди. Улар ҳам бўлаётган воқеадан завқланаётганини яширмади. Очиб қўйилган деразалардан тез-тез: «Ўргимчак одам!», «Темир одам!», «Бэтмен!» деган ҳайқириқлар эшитилиб турарди.

«Одатда арқондан тушаётганимда ишимга диққат қиламан. Аммо бугун ҳис-туйғуларим жуда кучли эди. Болаларнинг табассумларини кўриш қувонч бағишлади. Баъзан ҳаяжондан икки оғиз гапни ҳам боғлаб айта олмадим. Дераза орқали болага совға бериб, унинг чин дилдан қувонаётганини кўрганда қандай ҳис қилишни сўз билан ифодалаш қийин», — дейди Темир одам.

халқаро болалар куни

Қизил ва тилла рангли ниқоб ортида ушбу хайрия акцияси ташаббускори — 39 ёшли Исмоил Тлеумуратов яширинган. У ёшлигидан қояга кўтарилиш спортига қизиқади, 20 йилдан ортиқ вақтдан бери саноат альпинисти сифатида фаолият юритади. Ҳозирда Toza oyna компаниясида бригадир бўлиб ишлайди ва унинг раҳбарлигида ўн нафар ходим меҳнат қилади.

Тлеумуратов ва унинг жамоасини Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан болалар онкологияси маркази беморларини табриклашга аввалги тажриба ундаган. 2018 йилда альпинистлар шунга ўхшаш хайрия тадбирида иштирок этиш учун таклиф этилган. Улар акцияга кўнгилли сифатида қўшилган ва шундан кейин бундай ташрифларни ҳар йили такрорлаш ҳақида ўйлай бошлаган. Бироқ кейинги йилларда бундай таклифлар бўлмаган, бунчалик мураккаб тадбирни мустақил ташкил этиш йўллари эса маълум эмас эди.

халқаро болалар куни

Бу сафар Исмоил таклиф кутиб ўтирмасликка ва ҳаммасини мустақил ташкил этиб кўришга қарор қилди. Ғояни бутун жамоа қўллаб-қувватлади. Уни амалга оширишга альпинистларнинг турмуш ўртоқлари ҳам қўшилди — суперқаҳрамонлар таъкидлашича, уларсиз бу ишни уддалаш қийин бўларди. Аёллар ердаги байрам дастурини ташкил этиш ва совға тўпламларини тайёрлашни ўз зиммасига олди. Жами 400 та совға тўплами тайёрланди — бу зарур миқдордан икки баравар кўп эди. Тлеумуратовнинг айтишича, онкоцентр маъмурияти ҳозирда муассасада 220 нафар бола даволанаётганини билдирган. Бироқ жамоа ҳеч ким байрам куни эътиборсиз қолмаслиги учун совғаларни захира билан олиб келган. Натижада уларнинг барчаси тарқатилди.

Акцияга тайёргарлик жараёнида альпинистлар Болалар онкологияси марказига беш марта келди. Улар томга чиқиб, маҳкамлаш тизимларининг техник имкониятларини ўрганди, фасадларни текширди. Шу билан бир вақтда бош шифокор ва катта ҳамшира билан зарур келишувлар олиб борилди.

«Энг асосий вазифа оғир аҳволи туфайли палаталардан чиқа олмайдиган болаларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик эди», — дейди Тлеумуратов.

халқаро болалар куни

Бунинг учун байрам икки қисмга ажратилди. Ҳовлига чиқиши мумкин бўлган болалар учун кўчада маҳорат дарслари ва аниматорлар иштирокида шоу дастур ташкил этилди. Гематология бўлимида даволанаётган беморларга эса альпинистлар фасад бўйлаб тушиб, деразалар орқали совғалар топширди. Реанимация ва кимётерапия бўлимларидаги болаларни суперқаҳрамонлар шифокорлар рухсати билан шахсан табриклади.

Акция беш соатдан ортиқ давом этди. Туш пайтидаги иссиқ ҳаво, қалин синтетик либослар ва томга ўнлаб марта чиқиб-тушиш саноат альпинистлари учун жиддий муаммо бўлмади. Арқонларни текшириб, пастга тушиш улар учун одатий иш. Исмоилнинг айтишича, ҳақиқий синов бошқа нарса эди.

«Энг оғири — узоқ вақтдан бери палаталарда ётган, ташқарига чиқа олмайдиган болаларни кўриш. Қандай ифода қилишни билмайман, лекин баъзиларига қараш оғир эди. Ҳатто кўзга ёш келарди. Яхшиямки, юзимда ниқоб бор эди», — дейди Исмоил Тлеумуратов.

Альпинистнинг сўзларига кўра, акция иштирокчилари энг аввало болалар кундалик муолажалар, томчи дорилар ва уколлардан бироз бўлса-да чалғиши, кучли ижобий ҳис-туйғуларга эга бўлиши ва ҳеч бўлмаганда қисқа вақтга касалхона ҳаётини унутишига умид қилган.

«Биз суперқаҳрамон либосида бўлишимиз мумкин, аммо ҳақиқий қаҳрамонлар биз эмасмиз. Қаҳрамонлар — барча қийинчиликларга қарамай, самимий қувона оладиган ва мўъжизага ишонадиган шу болаларнинг ўзидир», — дейди Темир одам.

халқаро болалар куни

Тлеумуратов тан олишича, на унинг ўзи, на ҳамкасблари байрам дастурлари ўтказиш ёки болаларни кўнгилочар тадбирлар билан банд қилиш бўйича тажрибага эга эмас. «Биз бутунлай бошқа соҳада ишлаймиз», — дейди у. Шунга қарамай, кичик беморларни қувонтириш учун томга қайта-қайта чиққан ҳар бир иштирокчи бор кучини ишга солган, ҳар бир бола билан суҳбатлашиш, уни руҳлантириш ва қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилган.

«Биз бу ишни чин дилдан қилдик. Болаларнинг бахтли бўлишини истадик. Энг муҳими — уларнинг табассумини кўриш», — дейди альпинист.

Суперқаҳрамонлар ҳар бир болага энг муҳим тилак — мустаҳкам соғлиқ ва куч-қувват тилади. Касалликни енгиш, онкомарказдан чиқиб, қувончларга бой ҳаёт сари қадам қўйиш ва бу ерга бошқа ҳеч қачон қайтмаслик учун етарли куч-қувват. Суперқаҳрамонларнинг ўзи эса бу акция келгусида ҳар йили ўтказиладиган яхши анъанага айланишига умид қилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *