Yandex Uzbekistan Yandex Lavka лойиҳасига уланиш ва ўқитиш жараёнларини мослаштирди ҳамда эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган омборчилар учун ҳамкорлик имкониятини яратди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати Gazeta`га маълум қилди.
Мутахассислар сервиснинг дарксторларида қуйидаги вазифаларни бажаради: буюртмаларни йиғиш ва қадоқлаш, етказиб берилган товарларни қабул қилиш ва жойлаштириш, товарлар мавжудлигини назорат қилиш ва омборда тартибни сақлаш.
Лойиҳа Тошкентдаги ногиронлиги бўлган инсонларнинг «Шароит Плюс» жамоат бирлашмаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ташкилот номзодларни танлашда кўмаклашади, уларни суҳбатларга тайёрлайди ва мутахассисларни мослашиш даврида қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, «Шароит Плюс» ўзбек имо-ишора тили таржимонларини тақдим этади ва Yandex Lavka жамоалари учун кар ва заиф эшитувчи мутахассислар билан мулоқот қилиш бўйича тренинглар ўтказади.
Мутахассислар учун ўқув материаллари субтитрлар билан тўлдирилди, даркстор жамоалари учун эса эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган мутахассислар билан ўзаро ҳамкорлик қилишга доир йўриқномалар тайёрланди.
Ҳамкорлик учун тўлиқ кун ишлашга тайёр ва ёзма маълумотларни ўқий оладиган 18 ёшдан ошган эркаклар ва аёллар ариза топшириши мумкин.
«Инклюзив муҳитни ривожлантириш учун нафақат технологик ечимлар, балки ногиронлиги бўлган инсонлар учун бандлик имкониятларини яратишга тизимли ёндашув ҳам муҳимдир. Yandex Uzbekistan бу йўналишни изчил ривожлантириб бормоқда — сервисларни мослаштирмоқда, қулай муҳит яратмоқда ва эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган инсонлар учун янги имкониятларни ишга туширмоқда. Лойиҳада номзодларга мослашишда ёрдам берадиган ва кар ҳамда заиф эшитувчи мутахассислар билан ишлашда жамоаларни қўллаб-қувватлайдиган „Шароит Плюс“ жамоат бирлашмаси иштирок этаётгани муҳимдир», — дея таъкидлади Ўзбекистон президентининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров.
Эслатиб ўтамиз, Yandex Uzbekistan инклюзивлик йўналишини ривожлантирмоқда ҳамда сервислар ва иш муҳитини ногиронлиги бўлган инсонлар учун мослаштирмоқда. Компаниянинг тўққизта сервиси, жумладан, Yandex Go, Алиса AI, Почта, Браузер, Yandex Music ва Yandex Books кўзи ожиз ва кўриши заиф фойдаланувчилар учун функцияларни қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистонда сервис Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда ижтимоий такси лойиҳасини ривожлантирмоқда. Yandex Go билан 700 га яқин кар ва заиф эшитувчи ҳайдовчи ҳамкорлик қиляпти, сервис йўловчилари учун эса ногиронлиги бўлган инсонларга мўлжалланган махсус опциялар мавжуд.