Фарғона вилояти Бағдод туманидаги фермер хўжаликларидан бирида фуқаро мембранали сув ҳавзасига тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Ҳодиса 3 июнь куни қайд этилгани ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, охирги пайтларда қишлоқ хўжалигида кенг қўлланилаётган мембранали сув ҳавзалари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар бир неча маротаба кузатилган.
Мутахассислар бундай ҳавзалар сирпанчиқ қоплама ва махсус қутқарув воситалари йўқлиги сабабли, унга тушиб қолган инсон мустақил равишда чиқиб кета олмаслигини таъкидлайди.
Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фермер хўжаликлари эгалари ва масъулларни хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди. Хусусан, сув ҳавзалари атрофини тўсиқлар билан ўраш ва ичига қутқарув арқонларини жойлаштириш зарурлиги қайд этилди.
