Fitch Ratings Ўзбекистоннинг узоқ муддатли кредит рейтинги прогнозини «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартирди ва рейтингни «BB» даражасида тасдиқлади. Қарор ислоҳотлар жараёнидаги тараққиёт, макроиқтисодий барқарорлик, бюджет тақчиллигининг қисқариши ва валюта захираларининг ўсиши билан изоҳланди.
Халқаро рейтинг агентлиги Fitch Ratings Ўзбекистоннинг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли эмитент дефолт рейтинги бўйича прогнозни «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартирди ҳамда рейтингни «BB» даражасида тасдиқлади.
Агентликнинг 3 июнь куни эълон қилинган ҳисоботида қайд этилишича, прогнознинг яхшиланиши мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда кузатилаётган тараққиёт ва иқтисодий сиёсатнинг макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилгани билан изоҳланган. Fitch Ratings баҳосига кўра, бу ҳатто глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар шароитида ҳам ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиши ва ўрта муддатли истиқболда макроиқтисодий кўрсаткичларнинг яхшиланишига хизмат қилади.
Fitch қайд этишича, бюджет ва пул-кредит ислоҳотларининг давом эттирилиши макроиқтисодий сиёсат ва шаффофликни мустаҳкамламоқда. Бу, шунингдек, бюджет тақчиллигининг мақсадли кўрсаткичлардан паст бўлишига ва валюта захираларининг сезиларли даражада ўсишига хизмат қилди. Агентлик ушбу динамика бошқарув самарадорлиги кўрсаткичларининг янада яхшиланишига олиб келиши мумкинлигини истисно қилмайди.
«BB» рейтинги ҳамон Ўзбекистон давлат қарзининг ЯИМга нисбатан паст даражаси, сезиларли ташқи захиралар ва иқтисодий ўсишнинг юқори салоҳиятини акс эттиради. Шу билан бирга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМнинг нисбатан пастлиги, хомашё товарларига юқори қарамлик ва ҳали ҳам юқори бўлиб қолаётган инфляция чекловчи омиллар сифатида сақланиб қолмоқда.
Агентлик таъкидлашича, инфляция пасаймоқда. Апрель ойида у 7 фоизни ташкил этган бўлса, бир йил аввал бу кўрсаткич 10,1 фоиз бўлган. Бироқ инфляция ҳали ҳам Марказий банкнинг ўрта муддатли 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичидан юқори бўлиб турибди.
Fitch, шунингдек, депозитлар долларлашуви даражаси пасайганини қайд этган. Хусусан, бу кўрсаткич 2020 йил бошидаги қарийб 40 фоиздан 2026 йил февраль ойида тахминан 21 фоизга тушган. Агентлик прогнозига кўра, валюта захиралари 2025 йилдаги 66 млрд доллардан 71 млрд долларгача ўсади. Захиралар ўсишига 2025 йилда кўп жиҳатдан мамлакат захираларининг қарийб 83 фоизини ташкил этувчи олтин нархининг қимматлашиши туртки бўлган.
Fitch рейтинги оширилишига олиб келиши мумкин бўлган омиллар қаторида таркибий ислоҳотларнинг изчил ва самарали амалга оширилиши, бошқарув стандартларининг янада яхшиланиши, шунингдек, узоқ муддатли бюджет консолидацияси ва давлат молиясини бошқариш сифатининг оширилишини қайд этган.
Агентлик рейтинг пасайишига олиб келиши мумкин бўлган омиллар қаторида ислоҳотларнинг секинлашиши, ташқи молиявий ҳолатнинг ёмонлашиши — масалан, пул ўтказмаларининг камайиши ёки хомашё нархларининг тушиши — шунингдек, давлат қарзининг сезиларли ўсиши ёки бюджет буферларининг заифлашишини қайд этган.
Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева прогнознинг яхшиланиши халқаро инвесторлар томонидан ишончнинг муҳим сигнали эканини таъкидлади.
«Мамлакат суверен кредит рейтингини ошириш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари сифатида таъкидламоқчиманки, биз ҳамкорлар билан фаол ҳамкорликни давом эттирамиз. Бизнинг стратегик мақсадимиз — 2030 йилга қадар мамлакат рейтингини „инвестицион“ даражага чиқариш», — деди Саида Мирзиёева.
Ўтган йил июнь ойида Fitch Ratings Ўзбекистоннинг хорижий валютадаги кредит рейтингини «BB-»дан «BB»гача, яъни етти йил ичида илк бор оширган эди. Бу қарор ислоҳотларнинг тезлашиши, бюджет соҳасидаги ижобий натижалар ва иқтисодий ўсиш истиқболларининг барқарорлиги билан изоҳланган.
Халқаро рейтинг агентликлари, жумладан Fitch, мамлакатлар (ёки компаниялар)нинг ўз қарзларини ўз вақтида қайтариш қобилиятини баҳолайди. Бу «ишонч даражаси»га ўхшайди: рейтинг қанчалик юқори бўлса, қарзни қайтармаслик хавфи шунчалик паст бўлади.
«BB-» рейтинги «спекулятив» ёки «инвестицион бўлмаган» даража ҳисобланади. Бу ҳолатда давлат облигацияларида маълум бир риск мавжуд бўлади, аммо у юқори эмас. Рейтингнинг «BB» даражасига кўтарилиши эса мамлакат кредиторлар учун аввалгидан ишончлироқ эканини англатади.
Рейтинг қанчалик юқори бўлса:
- хориждан арзонроқ кредит жалб қилиш имкони ортади;
- хорижий инвесторларни жалб қилиш осонлашади;
- мамлакат молиявий интизомга риоя қилаётгани ва қарзларни масъулият билан бошқараётгани ҳақида ижобий сигнал бўлади.