3 июнь тонгида Украина дронлари Россия шимоли-ғарбига ҳужум қилди. Бу Петербург халқаро иқтисодий форуми очилган кунда рўй берди.

Ленинград вилоятида 60 га яқин учувчисиз учиш аппарати уриб туширилди. Петербург губернатори Александр Бегловнинг сўзларига кўра, Кронштадт, Киров ва Красносел туманларидаги инфратузилма объектлари ҳужумга учраган, бир неча киши жабрланган.

Маҳаллий «Бумага» нашри хабарига кўра, Фин кўрфази соҳилидаги «Жемчужний каскад» турар жой мажмуасидаги уй зарар кўрган. Шунингдек, ҳужумдан сўнг Петербург нефть терминалида ёнғин келиб чиққан. Шаҳар узра тутун кўтарилди. Шу фонда форум меҳмонлари тадбир учун етиб келганини кўриш мумкин.

Шунингдек, Санкт-Петербургда мобил интернет ишида узилишлар кузатилмоқда. Пулково аэропортида 30 дан ортиқ рейс бекор қилинди ёки кечиктирилди. Ленинград вилоятида дронлар хавфи тунги вақтдаёқ эълон қилинганди. Вилоят губернатори Александр Дрозденко тонгда ҳудудда 50 та дрон уриб туширилганини маълум қилди.

«Бугун тунда Россия ҳудудидаги муҳим объектларга зарба берилди. Улар орасида Петербург нефть терминали ҳам бор. Украина давлат чегарасидан урушга хизмат қилаётган Россия нефть саноатининг ушбу объектигача бўлган масофа тахминан 1100 километрни ташкил этади. Шунингдек, Кронштадт базасидаги соф ҳарбий мақсадларга ҳам эришилди», — деб ёзди ҳужум ҳақида Украина президенти Владимир Зеленский.

Унинг таъкидлашича, яна бир нишон — Тамбов вилоятидаги Россия қуролларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхона. Фронт чизиғидан масофа эса қарийб 600 километрни ташкил қилади.

Бугун Санкт-Петербургда Петербург халқаро иқтисодий форуми бошланди ва у 6 июнгача давом этади. Бу йилги тадбир «Прагматик мулоқот — барқарор келажак сари йўл» мавзусига бағишланган. Ундда 130 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.