3 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Тошкентда Гонконг махсус маъмурий ҳудуди администрацияси раҳбари Жон Ли Каччиу билан учрашди.
«Гонконг раҳбарининг юртимизга ташрифи Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклигини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимиз билан Гонконг ўртасидаги алоқаларни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилишини қайд этдик», — деб ёзди вазир ўзининг Telegram каналида.

Қайд этилишича, музокаралар давомида инвестициялар, молия, рақамлаштириш, сунъий интеллект, транспорт ва логистика соҳаларидаги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Ўзаро визасиз режимни ўрнатиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тузиш нияти бўйича вербал ноталар алмашилди. «Мазкур қадам фуқароларимиз учун қўшимча қулайликлар яратиб, ўзаро алмашинувларни фаоллаштиришга хизмат қилади», — деб таъкидлади вазир.


Шунингдек, Гонконгнинг халқаро молия ва бизнес маркази сифатидаги тажрибаси ҳамда салоҳияти Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш ва илғор лойиҳаларни рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутиши кўрсатиб ўтилди.
Ҳудудлараро шерикликни ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги бевосита мулоқотларни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
2025 йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Гонконг мунтазам йўловчи ва юк ташиш авиарейсларини йўлга қўйишни ва Ўзбекистонда халқаро авиация академиясини ташкил этишни режалаштираётгани маълум бўлганди.


