• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Наманганда Россия-Украина урушида қатнашган 28 ёшли фуқаронинг озодлиги 4 йилга чекланди



7 май куни жиноят ишлари бўйича Уйчи тумани (Наманган вилояти) судида Россия-Украина урушида Россия томонида жанг қилган 28 ёшли фуқаро И.М.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.

Унга кўра, судланувчи 2020 йил февраль ойида мавсумий ишлаш мақсадида Россияга кетган. 2022 йил ноябрь ойида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Суд аниқлашича, И.М. қамоқ жазосидан озод бўлиш мақсадида 2025 йил 19 январь куни Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик шартнома имзолаган. Шартномага кўра, унга ойига 130 минг рубль маош, 1,5 млн рубль миқдорида бир марталик мукофот пули, шунингдек, афв этилиш ва Россия фуқаролигини олиш имконияти ваъда қилинган.

Шундан сўнг у Екатеринбург вилоятидаги Россия Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий ўқув майдонида 40 кунлик тайёргарликдан ўтган ва «оддий аскар» ҳарбий унвони билан хизматга киришган.

Суд материалларига кўра, 2025 йил март ойи бошларида ҳарбий тайёргарлик якунлангач, у Курск вилояти ҳудудида олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун юборилган ва Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашган.

Ҳужжатда қайд этилишича, жанговар ҳаракатлар вақтида Украина ҳарбийлари томонидан учирилган дрон портлаши оқибатида у оёқларидан жароҳат олган. Даволаниш ва меҳнат таътилидан сўнг И.М. Москва шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиб, ватанга қайтиш гувоҳномасини олган ва 2025 йил 9 октябрь куни Ўзбекистонга қайтган.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасида унинг чап сони ва икки оёғида металл парчалари ҳамда ўқотар қурол ёки портловчи қурол парчалари таъсирида юзага келган жароҳат излари аниқлангани кўрсатилган.

Судланувчининг кўрсатмалари

Суд мажлисида И.М. Россияга 2020 йилда мавсумий ишлаш мақсадида кетганини, 2022 йилда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят учун 7 йилга озодликдан маҳрум қилинганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, қамоқдан чиқиш имкониятига эга бўлиш мақсадида 2025 йил январь ойида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган. Шундан сўнг Екатеринбург вилоятида 40 кунлик ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, Курск вилоятида олиб борилган ҳарбий ҳаракатларга жалб қилинган.

Маҳмудов судда Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этгани, дрон ҳужуми оқибатида оёқларидан жароҳат олгани ва даволанганидан сўнг меҳнат таътили вақтида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси орқали ватанга қайтиш гувоҳномасини олиб, 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистонга қайтганини билдирди.

Судланувчи ўз кўрсатмасида айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини, бундай хатони бошқа такрорламаслигини айтди ҳамда суддан енгиллик беришни сўради.

Судланувчининг ота-онаси берган кўрсатмаларда ҳам у Россия томонида Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани ва 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистонга қайтгани тасдиқланган.

Ҳукм

Суд И.М.ни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) билан айбли деб топди.

Жазо тайинлашда суд унинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ҳамда оилада ягона боқувчи эканини инобатга олди. Шунингдек, унинг қарамоғида кекса ота-онаси борлиги ҳам енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланди.

Суд мазкур ҳолатларни жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи омил деб топиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллади ва модда санкциясида назарда тутилмаган енгилроқ жазо тайинлади.

И.М. 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилиниб, иш ёки ўқиш вақтидан ташқари пайтларда уйдан чиқиши тақиқланди. У жазони Наманган вилояти Уйчи туманидаги яшаш манзилида ўтайди. Шунингдек, унга ички ишлар органларининг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва Наманган вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик мажбурияти юклатилди.

Ҳукмда қайд этилишича, суд муҳокамасига қадар унга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси қўлланган бўлиб, ҳукм қонуний кучга киргач у бекор қилиниши белгиланган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *