Ўзбекистонда театрларга ҳар бир сотган чиптаси учун субсидия берилади. Бу 2 июнда имзоланган «Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Нукус шаҳри ва вилоятлар марказлари бундан мустасно) концерт-томоша тадбири ташкил этилган ва бир тадбир доирасида 1000 тадан ортиқ билет сотилган тақдирда, концерт-томоша ташкилотчиларига сотилган билетлар қийматининг 20 фоизига тенг бўлган миқдорда субсидия берилади.
Давлат ва нодавлат театрларга ўзи фаолият юритаётган жойда саҳналаштирилган спектакль учун сотилган ҳар бир чиптага қўшимча 10 минг сўм, бошқа ҳудудга чиққан ҳолда намойиш этилган тақдирда, 20 минг сўм миқдорида субсидия берилади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб нодавлат театр ва театр-студияларнинг қуйидаги харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади:
- ҳар йили 50 та саҳна асари яратиш харажатлари;
- ҳар ойда хусусий бинони ижарага олиш харажатларининг базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган қисми.
Юқоридаги тадбирлар учун Давлат бюджетидан қўшимча 10 миллиард сўм ажратилади.
Давлат маданият объектлари уларнинг бўш вақтларида нодавлат театр ва театр-студияларга спектакль намойиш этиш учун ижара тўловисиз фойдаланиш учун берилади. Бунда томоша заллари учун талабгорлар иккита ёки ундан кўп бўлган тақдирда, улар орасида танлов ўтказилади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб ҳар йили 500 минг нафар ўқитувчи, шифокор, давлат хизматчиси, фаол ўқувчи ва талабаларга ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган 100 мингта оилаларнинг бир нафар фарзандига, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларга театр, кино ва концерт тадбирлари учун бепул ваучер берилади, бунда:
- ваучер қийматидаги маблағлар шахсларнинг номига очиладиган ижтимоий карта орқали тақдим этилади;
- ваучер бериш билан боғлиқ харажатлар тегишли равишда Давлат бюджети маблағлари ҳамда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб ижодий бирлашмаларнинг тавсияси асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатларни қоплаб бериш йўлга қўйилади:
- ҳар йили 1 минг нафаргача Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаниш бўйича имтиёзга эга бўлмаган, бироқ ўз фаолиятида яхши натижаларга эришган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига юқори технологик операцияларни ўтказиш;
- ҳар йили 2 минг нафаргача маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига суғурта мукофоти базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган ихтиёрий тиббий суғурта бадаллари учун харажатларнинг 50 фоизини қоплаб бериш;
- ҳар йили 100 нафаргача соҳада камида 10 йил ишлаган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси санаторийларида бепул даволаниш.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджетдан молиялаштириладиган театр ва концерт-томоша муассасаларида фаолият юритувчи рақс жамоасининг бадиий раҳбари, балетмейстери, репетиторлари, балет артистларининг лавозим маошларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг базавий лавозим маошлари миқдорига ва (ёки) Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициентлари миқдори Давлат бюджети ҳисобидан 2 бараварга оширилган ҳолда қўлланади.
Давлат муассасаларида рақс санъати соҳасида фаолият юритаётган раққос ва раққосаларни имтиёзли иш стажи билан пенсияга чиқаришда талаб этиладиган 20 йиллик иш стажининг камида 15 йили раққос ва раққосалик фаолиятидан иборат бўлган тақдирда, қолган 5 йили учун балетмейстер ва балет бўйича репетитор фаолияти билан шуғулланган даврни инобатга олишга рухсат берилади.
Ногиронлиги бўлган шахс деб топилган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳудудларда инклюзив ижодий устахоналар ташкил қилинади. Бунда инклюзив ижодий устахоналарни ташкил этиш ҳамда уларни дарсликлар ва ижод учун зарур анжомлар билан таъминлаш харажатларини молиялаштириш учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 30 миллиард сўм ажратиб борилади.