Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни Хитой Халқ Республикаси Сянган (Гонконг) махсус маъмурий ҳудуди администрацияси раҳбари Ли Цзячао бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлигини, шу жумладан, Гонконг билан ҳудудлараро алмашинувлар ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш орқали янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ҳудудларининг Гонконг билан иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш учун мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент шаҳрига Гонконг ишбилармон доиралари вакилларидан иборат катта делегация ташриф буюргани ушбу йўналишдаги шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Савдо-иқтисодий ва молиявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, таълим, туризм ва ишбилармонлик алмашинувларини ривожлантириш ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновлар ва фуқароларга консуллик хизматлари кўрсатишни йўлга қўйишни назарда тутувчи комплекс ҳамкорлик дастурини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
«Яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги, биотехнологиялар, рақамли иқтисодиёт, финтех, инновацион стартаплар, сунъий интеллект ва бошқалар устувор соҳалар сифатида қайд этилди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш, шунингдек, Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ҳамда яқин фурсатда Гонконг билан икки томонлама асосда визасиз тартибни жорий этиш юзасидан келишувга эришилди.
