Наманган вилояти ИИБ Тергов бошқармаси терговчиси ва адвокатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Маълум қилинишича, терговчи ўзининг иш юритувида бўлган, Чуст туманида яшовчи 20 ёшли фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб, тугатиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у мазкур ишга алоқадор бўлмаган адвокат орқали 40 минг доллар талаб қилган.
ДХХ ходимлари томонидан Чуст туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида адвокатлар ҳайъати адвокати гумонланувчининг отасидан сўралган 40 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, адвокатдан 30 минг долларини қабул қилиб олган вақтида ИИБ терговчиси ҳам қўлга олинган.
Ҳозирда терговчига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш), адвокатга эса Жиноят кодексининг 212-моддаси (Пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
