• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Деҳлидаги меҳмонхона ёнғинида 21 киши ҳалок бўлди, улар орасида Қирғизистоннинг уч фуқароси бор


3 июнь куни Деҳлининг жанубий қисмида жойлашган Flourish Stay B&B меҳмонхонаси биносида ёнғин чиқди, оқибатда 21 киши ҳалок бўлди. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси хабарига кўра, ёнғин қурбонлари орасида мамлакат фуқаролари йўқ.

Маҳаллий манбаларнинг маълумотига кўра, ҳалок бўлганларнинг камида 17 нафари хориж давлатлари, жумладан, Либерия, Нигерия, Мозамбик ва Бангладеш фуқароларидир.

Ҳалок бўлганлар орасида Қирғизистоннинг уч нафар фуқароси борлигини мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги тасдиқлади. 24.kg нашрининг ёзишича, улар бир оила аъзолари бўлиб, Ҳиндистонга даволаниш мақсадида борган.

Малвия Нагар ҳудудидаги ушбу бино яқин атрофдаги хусусий шифохонада даволанаётган беморлар ва уларнинг қариндошлари учун меҳмонхона сифатида ноқонуний равишда фаолият юритгани айтилмоқда, деб ёзди BBC.

40 дан ортиқ киши қутқарилиб, шифохонага етказилган. Ёнғин чиққан вақтда бино ичида қанча одам бўлгани ва ёнғин сабаблари ҳозирча номаълум. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин беш қаватли бинонинг ертўласида жойлашган ресторанда бошланган.

Ўзбекистон элчихонаси юз берган фожиали воқеани инобатга олган ҳолда, Ҳиндистонда бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини яшаш жойини танлашга жиддий ёндашишга чақирди.

Меҳмонхоналар ва бошқа жойлашиш воситаларини бронь қилишда фаолият юритиш учун ҳужжат билан тасдиқланган рухсатнома ва ёнғин хавфсизлиги сертификатларига эга бўлган объектларни танлаш, истиқомат қилинадиган жойда эвакуация чиқиш йўллари ва бошланғич ёнғинга қарши ҳимоя воситалари мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш сўралмоқда.

Фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда, зудлик билан Ҳиндистон қутқарув хизматининг 112 рақамига ҳамда Ўзбекистоннинг Деҳлидаги дипломатик миссияси Консуллик бўлимига мурожаат қилиш лозим.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *