• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Улар имконият кутади, раҳм эмас». Инклюзив бизнес қурган тадбиркорлар ҳикояси


12−13 май кунлари Тошкентда «Инсон учун — 2026» III анъанавий фестивали ўтказилди. Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда ижтимоий корхоналар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаётган тадбиркорлар ўз маҳсулоти ва хизматлари билан қатнашди. Савдо-кўргазма ва бизнес мулоқотлари натижасида умумий қиймати 230 млрд сўмлик 3200 та шартнома имзоланди.

Gazeta мухбири Миролим Исажонов ушбу фестивалда қатнашиб, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг қанчаси иш билан таъминланган?

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутахассиси Жаҳонгир Баҳромовнинг Gazeta мухбири билан суҳбатда айтишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар сони 1 миллион 60 минг нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 600 мингдан зиёди меҳнатга лаёқатли бўлиб, шундан 234 минг нафари иш билан таъминланган.

Унинг таъкидлашича, бандлиги таъминланган ногиронлиги бўлган шахсларнинг энг катта қисми текстиль соҳасида меҳнат қилади. Шунингдек, Korzinka, KFC, Safia, Poytaxt Parking сингари брендлар ҳам бу борада фаоллик кўрсатиб, ногиронлиги борларни ишга жалб этмоқда.

«Таҳлилларга кўра, 2025 йилда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўртача маоши 3,2 миллион сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич жорий йилда 3,8 миллион сўмгача етган. Айрим хусусий тадбиркорлик субьектларида 5−10 миллион сўм миқдорда ойлик оладиган ишчилар ҳам бор», — дейди Баҳромов.

Агентлик вакилининг сўзларига кўра, йилига 3000 нафарга яқин ОТМни битирган ногиронлиги бўлган мутахассис меҳнат бозорига кириб келмоқда.

«Ўзбекистон президентининг 2017 йил 1 декабрдаги фармони билан 2018/2019 ўқув йилидан ОТМга қабул квотасининг икки фоизи миқдорида ногиронлиги бўлган шахсларга қўшимча квота ажратилди. Ҳозирга қадар 25 минг нафар олий маълумотли кадр етишиб чиқди», — дейди у.

Унинг маълум қилишича, инклюзивликни таъминлаётган корхоналар сони ҳам ортиб боряпти. 2025 йилда бундай корхоналар 27 мингтани ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб уларнинг сони 38 мингтага етди. Хусусий корхоналар эса 21 мингдан 30 мингтагача ошди.

Жаҳонгир Баҳромовнинг қайд этишича, тадбиркорлар учун қуйидаги инклюзив имтиёзлар жорий этилган:

  • 500 млн сўмгача — бандликка кўмаклашиш субсидияси;
  • 50 млн сўмгача — жамоага мослаштириш учун субсидия;
  • ижтимоий солиқ — 1 фоиз;
  • ер ва мол-мулк солиғидан чегирма;
  • тўғридан тўғри шартнома тузиш имконияти.

Тадбиркорларнинг ҳикоялари

«Ҳар бирларининг характерига қараб муомала қиламан»

Рисолат Абдукаримова — «Урганч юксалиш» хусусий корхонаси раҳбари. Тадбиркорлик фаолиятини 2016 йилда бошлаган. Айни пайтда қўл остида 37 нафар ишчи бўлиб, уларнинг 32 нафари ногиронлиги бўлган шахсларни ташкил этади. Корхона маҳсулотлари ички бозор билан бирга хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинади.

бандлик, инклюзив бандлик, ногиронлар бандлиги, ногиронлиги бор шахслар

Рисолат Абдукаримова.

Ўн йил олдин касалликни бошдан кечирган пайтимда руҳий тушкунликдан чиқишнинг ягона йўли бирор иш билан машғул бўлиб, ўзимни чалғитиш эди. Шу тариқа тикувчилик билан жиддий шуғулландим, аста-секин соғлиғимда ижобий ўзгаришлар кузатилди ва шифокорларнинг тиббий хулосаси асосида, менга нисбатан белгиланган ногиронлик гуруҳи ҳам бекор қилинди.

2017 йилда ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйгач, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ёнимга олиб, уларни ҳам руҳан, ҳам моддий томонлама қўллаб-қувватлашга қарор қилдим. Ҳозирги кунда ишчиларимнинг 32 нафари ногиронлиги бор шахслар бўлиб, 30 нафари аёллардан иборат.

Биз асосан чойшаблар ва ишчилар учун махсус кийимлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, маҳсулотларни нафақат ички бозорда, балки Озарбайжон ва Тожикистонга ҳам экспорт қилиб, даромад топамиз.

Ногиронлиги бўлган ишчилар билан ишлаш, албатта, осон эмас. Улар касаллик билан кўп курашгани туфайли жиззаки бўлишади: бир гап оз, икки гап кўп ҳисобланади. Ҳар бирининг кўнглига қараб, чиройли муомалада суҳбатлашишга ҳаракат қиламан. Раҳбар одам ўзини тутиб олиб, ходим билан яхши гаплашса, ишчи ҳам корхона юксалишига ҳисса қўшишга интиларкан. «Корхонамиздан ўзимизга ўхшаган чиройли маҳсулотлар чиқиши керак. Чойшабнинг чокини сўкиб, қайтадан ўзингиз каби чиройли тикиб беринг» десам, янада сифатли иш қилишади.

Ишчиларимга қўлимдан келганча назарий ва амалий жиҳатдан кўмаклашаман. Корхонамиз психологи билан бирга тушкунликка тушганларга ёрдам берамиз, вазиятини ҳал қиламиз.

Очиғини айтиш керак, янги ишга келган ногиронлиги бор ишчиларнинг айримлари 5−10 кундан кейин кетиб қолиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Бунинг сабабини билиш учун эса индивидуал шуғулланиб, нимадан норози бўлганига қизиқаман, баъзиларини ишга қайтаришга эришаман. Лекин «Пенсиямни олиб яшайвераман, шунинг ўзи етади» дея хоҳламайдиганлар ҳам бўлади.

Бизда маошлар ишбай тартибида берилади, ҳар бирига қилган ишига яраша ҳақ тўланади. Энг ками 1,5 миллион сўм олса, 9−10 миллион сўмгача ойлик оладиганлар ҳам бор. Фаол ишчиларни рағбатлантириш мақсадида стипендия ҳам йўлга қўйганмиз. Иш ҳақи уларнинг нафақа пулига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, ҳар иккисини ҳам олишади. Бундан ташқари, ишчиларни ҳар йили зиёратларга олиб борамиз. Ёзги таътилда янги ўқув йили олдидан уларнинг фарзандларига мактаб формалари совға қиламиз. Бу ҳам уларни қувонтиради. Бир оила бўлиб, ҳамжиҳатликда ишлаш ва юксалиш менга ҳам куч-қувват беради (кулади).

Хулосам шуки, ногиронлиги бўлган ишчилар билан масофа сақлаб гаплашсангиз, бу унинг кайфиятига таъсир қилади ва иш самарадорлиги пасаяди, ишга мажбуриятдан келиб-кетади, холос. Мен улар билан раҳбар сифатида эмас, балки ҳар бирининг характери ва кайфиятига қараб, кимгадир опа ё сингил, бошқасига қизи ёки сирдоши, айримларга психолог бўлиб мулоқот қиламан. Шу сабабли ҳам бир-биримизга ўрганиб қолганмиз. Икки кундан буён Тошкентда ушбу кўргазмадаман. Ҳар соатда қўнғироқ қилиб, қачон қайтасиз, соғиниб қолдик деб сўрашяпти (кулади).

«Инсон учун» кўргазмасида биринчи марта иштирок этяпман. Ўтган йили ҳам таклиф қилишганди, аммо буюртмаларимиз кўплиги учун кела олмагандим. Бундай кўргазмалар тез-тез ўтказилишини истардим. Чунки бу биз тадбиркорлар учун жуда муҳим: ҳам бошқа ҳамкасблар фаолияти билан танишамиз, ҳам буюртмалар оламиз. Икки кун давомида 5−6 та ташкилот билан шартномалар имзоладик. Урганчга қайтиб, ишчиларим билан бирга буюртмаларни тезроқ тикиб, топширишим керак энди.

«1 млрд сўмдан зиёд буюртмалар олдик»

Ҳакимжон Халилов — Наманган шаҳридаги «Фаровон нафис дизайн сервис» МЧЖ раҳбари. Унинг гулчилик иссиқхоналарида ҳозирги кунда 15 нафар ногиронлиги бўлган шахс ҳам фаолият юритади.

бандлик, инклюзив бандлик, ногиронлар бандлиги, ногиронлиги бор шахслар

Ҳакимжон Халилов.

Гулчилик фаолиятимизни 2018 йилда бошлаганмиз. Айни пайтда 25 ва 50 сотихдан иборат иккита иссиқхонамиз мавжуд бўлиб, уларда гулларнинг ўнга яқин тури етиштирилади. Ушбу иссиқхоналарда ижтимоий реестрдаги 30 нафар фуқаро меҳнат қилади, шундан 15 нафари ногиронлиги бўлган шахсларни ташкил этади.

2024 йилдан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олиш амалиётини жорий қилдик. Бошида, албатта, қийналдик. Чунки мен ва жамоамда улар билан ишлаш кўникмаси аввал бўлмаган. Қолаверса, ҳар бири ўзига яраша характерга эга, кўнглига ва кайфиятига қараб, мослашишга ҳаракат қилдик. Бир нафар ногиронлиги бор ходимга икки нафар ишчи бириктирилган, улар яқиндан кўмаклашиб, билмаганларини ўргатиб келяпти. Барчамиз аста-секин бир-биримизнинг характеримизни тушунадиган даражага етдик, ташкилотимизда инклюзив муҳит пайдо бўлди.

Ногиронлиги бор шахслар қилаётган ишига жуда масъулият билан ёндашиши дарров сезилади. Ҳар бир жараённи чиройли тугатишга ҳаракат қилади. Қайсидир бири гулларга сув сепса, бошқаси ўғитлашда кўмаклашади, яна бири гуллар ташийди. Ҳар кимнинг ўз вазифаси бор, ҳаммаси енгил вазифаларни бажаради. Битта ходимнинг ўртача маоши 4,5 миллион сўмни ташкил этади.

Май ойида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорнинг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева иссиқхонамизга ташриф буюриб, фаолиятимиз билан яқиндан танишди ва мулоқот қилди. Бу эса ишчиларимиз кайфиятига катта ижобий таъсир кўрсатди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олган тадбиркорларга давлат томонидан турли имтиёз ва субсидиялар йўлга қўйилган. Мен шу пайтгача фақат бир марта 50 миллион сўм миқдорида субсидия олдим. Ишчилар учун бир нафар психолог мутахассисни жалб қилганмиз, унинг ойлиги ўша субсидия ҳисобидан қоплаб бериляпти. Келгусида бошқа имтиёзлардан ҳам фойдаланишни режалаштириб турибмиз.

Бугунги кўргазмада ўтган йили ҳам қатнашганмиз. Бу йилги иштирокимиз ҳам жуда фойдали бўлди. Чунки Қишлоқ хўжалиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари ҳамда бошқа ўндан ортиқ ташкилот билан 1 миллиард 300 миллион сўмлик тўғридан тўғри шартномалар имзолаб, буюртмалар олдик.

«Йилига Брайль ёзувидаги 50 мингта китоб ишлаб чиқарамиз»

Шерзод Ҳошимов — Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви қошидаги Dizayn Print корхонаси раҳбари. Тадбиркор кўргазма доирасида «Инклюзив иш берувчи — 2026» мукофоти билан тақдирланди.

бандлик, инклюзив бандлик, ногиронлар бандлиги, ногиронлиги бор шахслар

Шерзод Ҳошимов.

Корхонамиз ноширлик соҳасида 20 йиллик тажрибага эга. Нашриётимизда асосан Брайль алифбосидаги асарлар ва мактаб дарсликлари, кўриш бўйича ногиронлиги бор шахслар учун мўлжалланган бўртма моделлар, шунингдек, ногиронлиги бўлмаган шахслар учун бадиий китоблар ва дарсликлар ишлаб чиқаради.

Илк фаолиятимизни ногиронлиги бор ишчилар билан бошлаганмиз. Ҳозирда ходимларимиз сони 45 нафар бўлиб, шундан 25 нафари биринчи ва иккинчи гуруҳлардаги ногиронлиги бўлган эркаклар ва аёллардан иборат. Нашриётимиз Брайль алифбосидаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашгани боис кўриш бўйича ногиронлиги бор ишчилар кўпчиликни ташкил этади.

Ишчиларимиз орасида 17−18 йилдан бери ишлаб келаётган ногиронлиги бўлган шахслар ҳам мавжуд. Корхонамизнинг йўлаклари, ошхона, ҳожатхона каби умумий фойдаланиш жойлари ногиронлиги бор ишчиларга мослаштирилган. Ҳар бир ишчи ўзини бемалол ва эркин ҳис қилиб, ҳеч қандай қийинчиликсиз фаолият юритиши тарафдоримиз.

Ногиронлиги бўлган ишчиларимиз Брайль ёзувидаги китобларни нашрга тайёрлайди ва чоп этади. Чунки улар бу жараёнларни жуда чуқур биладиган мутахассислар ҳисобланади. Бундан ташқари, китоблар саҳифаларини йиғиш, букиш ҳамда тайёр маҳсулотларни ташиш ишларини ҳам бажаришади. Уларнинг маоши 4 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача бўлиб, бунда ишчининг мутахассислиги ва иш тажрибаси муҳим роль ўйнайди.

Корхонамиз солиқ имтиёзларидан фойдаланиб келади, яъни мол-мулк солиғи ва ҚҚСдан озод этилган. Биз кўпроқ буюртма асосида маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Агар буюртмалар бўлмаса, қийин вазиятга тушамиз, бу ҳаммамизга таъсир қилади: ишчиларга маош бера олмаймиз, уларнинг бандлигини ушлаб туролмаймиз.

бандлик, инклюзив бандлик, ногиронлар бандлиги, ногиронлиги бор шахслар

Буюртма асосида бир йилда ўртача 50 минг атрофида Брайль ёзувидаги китоблар ишлаб чиқарамиз. Улардан олий таълим муассасалари талабалари ва «Нурли маскан» мактаблари ўқувчилари фойдаланади. Шунингдек, умумий бадиий китоблар ҳам ишлаб чиқариб, китоб дўконларига тарқатамиз.

«Инсон учун» фестивали доирасида 40 га яқин ташкилот билан йиллик шартномалар имзоладик ҳамда 5,5 миллиард сўм миқдорида буюртмалар олдик. Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан «Инклюзив иш берувчи — 2026» мукофоти билан тақдирландим. Агентлик раҳбарияти жамиятда тенг имкониятлар муҳитини яратишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ташаббускор ва ижтимоий масъулиятли тадбиркорлар қаторида мени ҳам эътироф этганидан жуда қувондим. Бу, албатта, мен ва жамоамга янада куч-қувват беради.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *